Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Техник чигитни қайта ишлаш билан шуғулланган 216 та корхона фаолияти тегишли талабларга мувофиқ эмаслиги аниқланди
17:14 / 2022-02-15

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзагроинспекция” ахборот хизмати раҳбари Холида Шодиева иштирокида брифинг ўтказилди. Унда ёғ-мой корхоналарида назорат тадбирларини ташкил этиш юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори янги таҳрирда эълон қилинди. 



Унга кўра, чигитни қайта ишлаш тўлиқ технологик циклга (мағизни янчиш, гидротермик ишлов бериш, пресслаш, экстракциялаш, рафинациялаш, дезодорациялаш ва қадоқлаш цехлари) эга бўлиш шартлиги белгиланди. Техник чигитни қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланган 322 та ёғ-мой корхонасининг 106 таси пахта техник чигитини қайта ишлаш учун белгиланган талабларга мувофиқлиги ва 216 та корхона фаолияти эса  қарорда белгиланган талабларга мувофиқ эмаслиги аниқланди. 

Аниқланган камчилик ва қонунбузилишлар юзасидан корхоналарга нисбатан жами 556 та таъсир чоралари кўрилиб, шундан 199 та огоҳнома, 350 та кўрсатма ва 7 та тақдимномалар киритилди. 

Шу билан бирга, инспекция томонидан амалга оширилган ҳужжатли таҳлил натижасига кўра муқаддам фармон талабларига жавоб бермаслиги аниқланган 20 та ёғ-мой корхоналари томонидан техник чигитни биржадан харид қилмасдан тўғридан-тўғри харид қилингани ва тўлиқ технологик цикли мавжуд бўлмасада, ноқонуний қайта ишлагани аниқланди. 

Мазкур ҳолат юзасидан ушбу ёғ-мой корхоналарига оид тўпланган материаллар ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жумладан, прокуратурага, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва судларга юборилди. 

Фармонда белгиланган талабларга мувофиқ фаолият юритмаётган ёғ-мой корхоналари ҳақидаги маълумотлар Ҳукуматнинг тегишли қарор ва топшириғига биноан Республика товар хом-ашё биржасига киритилди. 

Қонунчиликда белгиланган нормаларга кўра, пахтадан олинган чигит, пахта мойи ва қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) — ишлаб чиқариш ҳажмининг тўлиқ миқдорда биржа савдолари орқали сотилиши белгиланган. 

Бугунги кунда, ўтказилаётган назорат тадбирларидан мақсад, аҳоли саломатлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдан иборатдир.  

Сабаби, пахта техник чигити таркибида госсипол табиий заҳари бўлиб, у фақат табиатда техник чигитда учрайди. Ҳозирда техник чигитдан хавфсиз пахта мойи ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини берадиган тўлиқ технологик циклда, белгиланган талаблар асосида қайта ишланган техник чигитдан олинган тайёр маҳсулотлар аҳоли саломатлиги, чорва ва парранда учун мутлоқо хавфсиздир. 

Бироқ, техник чигитни тўлиқ бўлмаган технологик тизимда қайта ишлашдан олинган пахта мойи ва пахта шроти таркибида госсиполнинг миқдори белгиланган меъёрлардан баланд бўлади. Госсипол инсон организми учун ўта зарарли бўлган табиий полифенол моддаси бўлиб, пахта мойини истеъмол қилган кишиларда жигар, ошқозон-ичак, тери касалликлари каби турли кўринишдаги хасталиклар авж олади.  

Шунингдек, таркибида госсипол миқдори белгилангандан юқори бўлган кунжара билан озиқлантирилган майда қорамол ва паррандаларда ҳам турли касалликларни келтириб чиқаради. Шунинг учун озуқа мақсадида ишлатиладиган пахта мойи, албатта, рафинацияланиши ва дезодорацияланиши муҳимдир. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 сентябрдаги тегишли фармони талаблари бўйича пахта тўқимачилик кластерлари ва ёғ-мой корхоналарида “ҳавфни таҳлил қилиш” ва профилактика тадбирини ўтказиш мақсадида инспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят бошқармалари томонидан 122 та пахта тўқимачилик кластерларига ҳамда 106 та ёғ-мой корхоналарига огоҳномалар берилиб, профилактика тадбирлари ўтказилди. 
 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА