English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тест синовларига 314 абитуриент келмади, 2 нафари четлатилди
11:03 / 2022-08-10

Жиззах вилоятидаги 5 та олий таълим муассасасининг 3 тасига – Жиззах давлат педагогика университети, Жиззах политехника институти ва Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиалига ўқишга кириш истагида ҳужжат топширган абитуриентлар учун тест синовлари Жиззах шаҳридаги “Сўғдиёна” марказий спорт мажмуасининг табиий ва сунъий қопламали футбол майдонларида бўлиб ўтмоқда.

Ўйингоҳда 3 та секторда ҳар бир сменада 2 минг 820 абитуриент учун жойлар тайёрланган.

Қабул давомида Жиззах вилоятидан жами 66 минг 425 нафар абитуриент олий таълим муассасаларига кириш учун рўйхатдан ўтган.

Бир кунда 5 минг 640 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этади. Тест синовлари 12 кун, яъни 8-20 август кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган. Тест синовларининг 1-сменаси эрталаб соат 7:00 дан 10:00 гача, 2-смена эса кеч соат 19:00 дан 22:00 гача давом этиши белгиланган.

Ҳудудда 93 дона видеокузатув қурилмаси, 6 дона 360 градусга айланувчи камера, 6 та эфирга узатувчи камера ҳамда 8 дона шахсни юздан танувчи камера ўрнатилган, тўлиқ хавфсизлик чоралари кўрилган.  

[gallery-8237]

Вилоят электр тармоқлари АЖ томонидан электр таъминотида ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги кафолатланди, электр таъминотида муаммо туғилиб қолгудек бўлса, 6 соатга мўлжалланган захира электр қуввати ўрнатилган.

Жамоат тартибини сақлаш, соғлиқни сақлаш, санитария эпидемиологик осойишталик маркази, электр таъминотига масъул ходимлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирокида узлуксиз навбатчилик ташкил қилинди.

Абитуриентлар тест синовлари давомида бош кийим (кепка), ичимлик суви ҳамда ручка билан таъминланмоқда.

– Тестнинг биринчи куни – 8 августда 5 минг 640 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этиши белгиланган эди, шундан 314 киши тест синовларига келмади, – дейди Давлат тест марказининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари И.Ҳотамов. – 2 нафар абитуриент тест синовларига телефон қурилмасини олиб кирганлиги ва ундан тест синовлари жараёнида фойдаланганлиги сабабли жараёнлардан четлаштирилди.

Маълумот учун, Жиззах шаҳридаги “Sambhram” университети ва Қозон Федерал университети Жиззах филиалига кириш имтиҳонлари кейинроқ, ўз ички тартиб қоидалари асосида бўлиб ўтади.


А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА