Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тест синовларида 1,6 миллиондан ортиқ абитуриент иштирок этади
16:38 / 2021-06-01

Давлат тест маркази маълумотига кўра, 2021/2022 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларининг бакалавриати таълим йўналишларига кириш тест синовларида 1,6 миллиондан ортиқ абитуриент иштирок этиши кутилмоқда.

Абитуриентлар 2020 йилда онлайн тарзда рўйхатга олинган эди. Бу абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига кўплаб қулайликлар яратди. Шу сабабли 2021 йилда ҳам абитуриентларни рўйхатга олиш Давлат тест марказининг расмий веб-сайти (my.dtm.uz) ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали онлайн амалга оширилади.  

Ҳозирда my.dtm.uz сайти такомиллаштирилиб, абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш учун тайёрланмоқда. Шунингдек, абитуриентларга олий таълим муассасаларига кириш учун имтиёз бериш ва уларни тасдиқлаш ваколатига эга бўлган масъул вазирлик ва идоралар билан имтиёзлар реестри шакллантирилмоқда. Бунинг учун Давлат тест маркази томонидан махсус платформа ишлаб чиқилган ва тегишли вазирлик ва идораларга имтиёзларни киритиш учун керакли маълумотлар тақдим этилган.

Рўйхатдан ўтиш жараёнида ногиронлиги бўлган шахсларнинг маълумотларини реал вақт режимида олиш учун Давлат тест маркази ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида ҳамкорлик битими тузилди. Унга кўра, my.dtm.uz сайти орқали рўйхатдан ўтишда ногиронлигини белгилаган абитуриентнинг маълумотлари идоралараро маълумот алмашиш тармоғи орқали Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг базаси – “TMЭK” дастурига реал вақт режимида сўров юбориш орқали ўрганилади.

Йўлга қўйилаётган мазкур тизимли ишлар абитуриентларга рўйхатдан ўтиш жараёнида қулайлик яратиш, имтиёзларни белгилашда йўл қўйилиши мумкин бўлган техник хатоликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Юртимизда эпидемиологик вазият давом этаётганлигини инобатга олиб, Давлат тест маркази томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан ҳамкорликда 2 хил сценарий устида иш олиб борилмоқда. Биринчиси, тест синовларини анъанавий шаклда катта сиғимли биноларда ўтказиш. Иккинчиси, пандемия шароитида тест синовларини 2020 йилдаги каби очиқ майдонларда ўтказиш.

Бунинг учун тест синови ўтказиладиган жойлар танланиб, режа-чизмалари ва дислокациялари тайёрланди. 46 минг 830 нафар абитуриент учун мўлжалланган 96 та катта сиғимли ёпиқ бино, 59 минг 40 нафар абитуриентга мўлжалланган 65 та стадион ва хиёбон шулар жумласидандир.

Тест синовлари ўтказиладиган катта сиғимли бино ва очиқ майдонлар рўйхати Давлат комиссиясига киритилди.

Тест синовларини карантин талабларини инобатга олган ҳолда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг хулосалари олиниб, тайёргарлик жараёни давом этмоқда.

 

Файзулло Яҳёев, ЎзА