Tesla компаниясининг капиталлашуви 500 миллиард доллардан ошди
Америкадаги электромобиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Tesla компаниясининг капиталлашуви 500 миллиард доллардан ошди. Бу компания раҳбари Илон Маск дунёнинг энг бой кишилари орасида иккинчи ўринга чиқиб олишига имкон берди.
Кеча Tesla акциялари нархи 2,9 фоизга қимматлашди ва жами 537,31 долларгача етди. Шундай қилиб, компаниянинг капиталлашуви 509 миллиард долларни ташкил қилмоқда.
Дунёнинг энг бой кишилари орасида биринчи ўрин ҳамон Amazon асосчиси Жефф Безосга тегишлилигича қолмоқда. Унинг давлати ҳозир 182 миллиард долларга баҳоланган.
Tesla Motors 2003 йилда электромобиллар ва шу билан боғлиқ технологияларни яратувчи ҳамда ишлаб чиқарувчи компания сифатида ташкил этилган эди. Компания қароргоҳи АҚШнинг Калифорния штатидаги Пало-Альто шаҳрида жойлашган. Электромобиллардан ташқари, компания ўзининг технологияси бўйича батареялар ва электр двигателлар ишлаб чиқариб, бошқа автомобиль компанияларига сотади.
ЎзА