2024 йил ишлаб чиқарилган “Tesla Model S” автомобили ўзи бошқарар тизими носозлиги туфайли содир бўлган бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлган уч кишининг қариндошлари компания устидан судга мурожаат қилди. Бу ҳақда “Рейтер” хабар тарқатган.
– Дастлабки маълумотга кўра, эр-хотин ва уларнинг қизи сифатсиз ва асоссиз хавфли дизайн билан боғлиқ ҳалокат натижасида ҳаётдан кўз юмган, – дейилади агентлик хабарида.
Ўтган йил сентябрда содир бўлган фожиа чоғи бошқарув издан чиқиб, машина йўлдан оғиб кетган. Фавқулодда тормоз тизими эса ишламаган ва натижада қурилма бетон кўприк таянчига урилган.
Даъво Нью-Жерси федерал судига топширилди. Қурбонларнинг яқинлари товон пули ва жазо талаб қилмоқда.
Электр спорт седани – “Tesla Model S” миллиардер Илон Маскга тегишли корхонанинг байроқдор автомобили ҳисобланади. 2024 йил “iSeeCars” компанияси бу русум энг хавфли машиналар қаторига киритилган тадқиқотини эълон қилди. Таҳлил кўрсатдики, ушбу модел билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларида ўлим даражаси ўртача кўрсаткичдан икки баробар юқори.