Сурхондарё вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган ёш ходимлари ўртасида киберспорт мусобақаси ташкил этилди.
Беллашувда бошқарманинг соҳавий хизматлари ва барча туман, шаҳар ИИБлари ёш ходимлари иштирок этди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда киберспортни хавфсиз ривожлантириб, оммалаштиришга қаратилаётган эътибор қизиқарли мусобақа ва турнирларни тизимли ўтказиш орқали иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаб, уларни профессионал киберспортга йўналтириш, ахборот технологиялари ва IT-индустрия учун салоҳиятли кадрларни тайёрлаш ҳамда уларни соҳага жалб этишда муҳим омил бўлмоқда.

Президентимизнинг 2022 йил 16 ноябрдаги “Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилаётир.

Қизғин баҳсларга бой бўлган мусобақа якунида “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси ИИБ ходими, катта лейтенант Фазлиддин Аминқулов фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринни Термиз шаҳар ИИБ ходими, катта лейтенант Азизбек Пўлатов эгаллади. Термиз тумани ИИБ ходими, капитан Шерхон Сатторовга учинчи ўрин насиб этди.


Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири