ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан ўтказилган “Йил аёли” миллий танловининг Сурхондарё вилояти босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ташкил этилди.
[gallery-20944]
Мулкчилик шаклидан қатъий назар корхона, ташкилот, муассасаларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар ҳамда уй бекалари учун эълон қилинган танловнинг қуйи босқичида шаҳар ва туманлардан жами 300 дан зиёд аёл ўз имкониятини синовдан ўтказди.
Низом шартларига мувофиқ, танловда 35 ёшдан ошган, ўз йўналиши ва мутахассислиги бўйича камида 5 йил мобайнида узлуксиз шуғулланиб келаётган аёллар, қолаверса уй бекалари иштирок этди.
Тадбирда хотин-қизларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини юксалтириш, иқтисодий имкониятини ошириш, таълим, соғлиқни сақлаш йўналишларида қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар эътироф этилди.
Танловнинг вилоят босқичида “Йилнинг энг яхши ғоялар ташаббускори”, “Йилнинг энг фаол олима аёли”, “Йилнинг энг ватанпарвар аёли”, “Йилнинг энг жонкуяр устози”, “Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси” каби 11 та номинация бўйича ғолиблар аниқланди.
Вилоят ҳокимлиги ва ташкилотчилар томонидан танлов ғолибларига ташаккурнома ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА