French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Термизда тармоқлараро саноат ярмаркаси иш бошлади
16:47 / 2025-10-23

“Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Рақамли трансформация маркази, “Airitom Free Zone”, Ўзбекистон қурилиш материаллари саноати корхоналари уюшмаси, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган ярмаркада мамлакатимизда саноатни ривожлантириб, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва тадбиркорлар учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси ҳам Афғонистон билан ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этаётгани, бу каби йирик саноат ярмаркаларининг ташкил этилиши икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириб, янги лойиҳаларни амалга оширишда муҳим омил бўлиши алоҳида қайд этилди.

Президентимиз ташаббуси билан бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар саноат маҳсулотларини маҳаллийлаштиришни кенгайтириб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришда муҳим омил бўлмоқда. Саноат ярмаркаларида эса турли ҳудудлардан ва тармоқлардан бўлган саноат корхоналарининг ўз маҳсулотларини намойиш этиб, кооперация алоқаларини ўрнатмоқда. Ҳамкорлик меморандумлари ва шартномалар имзолаётир. 

[gallery-25886]

Термизда иш бошлаган ярмаркада ҳам вилоят ҳокимлиги, Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари, холдинг компаниялари, ишбилармон доиралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бирга қўшни Афғонистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.

Икки кун давом этадиган ярмарка маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаб, саноат кооперациясини ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда янги буюртмалар портфелини шакллантиришга хизмат қилади.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири