Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Термизда “Roadshow” ўтказилди
10:00 / 2024-10-20

Термиз шаҳридаги Матбуот уйида “Roadshow” тақдимоти ташкил этилди.

Республика товар-хомашё биржаси вакиллари, корхона ва ташкилотлар ходимлари, тадбиркорлар, инвесторлар иштирок этган тадбирда кейинги йилларда давлат активларини хусусийлаштириш ҳамда сармоядорларга қулай шароит яратиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди. Хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари, жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки иншоотлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари ҳақида атрофлича маълумот берилди.  

– Давлат активларини хусусийлаштириш ва тадбиркорларга қулай муҳит яратиш жараёнида ортиқча ҳужжатбозликдан воз кечилди, – дейди Давлат активларини бошқариш агентлигининг Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси раҳбари Самандар Худойбердиев. – Бунда онлайн платформалардан фойдаланишга ўтилиб, акциядорлик тузилмаларига айланиш қўллаб-қувватланаётир. Йирик акциядорлик жамиятларининг кичик улушига эгалик қилиш “Халқчил IPO” дастури орқали амалга оширилмоқда. Вилоятда бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш юзасидан ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда.  

Тақдимотда “Халқчил IPO” дастури хусусида ҳам фикр алмашилиб, у нафақат давлат активларини аҳоли ўртасида қайта тақсимлаши, балки аҳолининг мамлакат иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этиши учун асос яратиши, фуқаролар барча қатламлари орасида кенг мулкдорлар синфи – акциядорларни шакллантиришга хизмат қилиши қайд этилди. Бунинг учун йирик хўжалик юритувчи субъектлардаги давлат улуши “битта акция-битта лот” тамойили асосида аҳоли ва инвесторлар қатнашиш имконияти билан “Халқчил IPO” орқали таклиф этилади.  

Тадбир иштирокчилари “Халқчил IPO”да “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятининг акцияларини харид қилиш учун ариза топшириш жараёнлари билан яқиндан танишди. Платформа орқали акциядор қандай фойда кўриши, акциялардан даромад олиш имкониятлари ва IPO иштирокининг афзалликлари тўғрисида етарли маълумотга эга бўлди.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири