French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Термизда қалбаки “Alhadaya” маҳсулоти ишлаб чиқарган шахсга жиноят иши қўзғатилган
19:35 / 2022-05-27

Термиз шаҳридаги Матбуот уйида Сурхондарё вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси ҳамкорлигида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Аббос Розиқов судларда иқтисодий, маъмурий ва жиноий ишлари кўрилишида прокурор иштироки тўғрисида атрофлича маълумот берди. Кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жамиятда қонун устуворлигини таъминлаб, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашнинг самарали тизимини яратгани, фуқаролар ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқлари энг олий қадрият даражасига кўтарилгани ҳақида фикр алмашди.

Анжуман иштирокчилари Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспектори Беҳзод Ҳамроевнинг бошқарма томонидан жорий йил 4 ойида амалга оширилган ишлари ҳақидаги ахборотини ҳам тинглади.

Қайд этилдики, йилнинг ўтган даврида асосий эътибор ислоҳотлар шароитида профилактика, қонунчилик тарғиботи ишларини кучайтириш, тадбиркорларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, турли тўсиқ ва суиистеъмолчиликлар, коррупция ҳолатларига барҳам беришга қаратилди.

Жумладан, иқтисодиёт, солиқ ва валютага оид қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 145 та жиноят иши қўзғатилиб, 20 та маъмурий иш юритилди. Ўтказилган текширишларда давлат бюджетига 6 миллиард 900 миллион сўм қўшимча солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг ундирилиши таъминланди.

Коррупцияга қарши курашиш ва хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ 115 та, шундан коррупциянинг энг ижтимоий хавфли кўриниши – порахўрликка қарши курашиш бўйича 50 та ҳолатда мансабдор шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.

Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашишнинг олдини олиш, сунъий тўсиқ ва суиистеъмолчиликларга барҳам бериш юзасидан амалга оширилган ишлар натижасида 5 та жиноят, бюджет маблағларини талон-тарож қилиш ва улардан мақсадсиз фойдаланиш билан боғлиқ 42 та жиноят ва 36 та маъмурий иш қўзғатилган. Аниқланган қонунбузарликлар бўйича давлат ва жамият манфаатларига етказилган 7 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарарнинг 4 миллиард 500 миллион сўми жавобгар шахслардан ундирилган.

Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш билан боғлиқ қўзғатилган 6 та жиноят иши доирасида 1 миллиард сўм давлат бюджети маблағлари талон-тарож қилингани фош этилган.

Шунингдек, банк-кредит, хорижий валюта маблағларини ноқонуний муомалага киритиш, дори ва тиббиёт буюмларининг ноқонуний савдосини фош этиш юзасидан аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Хусусан, департаментнинг Термиз шаҳар бўлими ходимлари “Avicenna’s Lab” ва “AL-HADAYA” масъулияти чекланган жамиятининг мурожаати асосида тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқий ҳимояси юзасидан тезкор тадбир ўтказиб, Қашқадарёлик фуқаронинг Термиз шаҳридаги уйлардан бирини ижарага олиб, яширин цех ташкил этгани билан боғлиқ ҳолатни аниқлади. Бу ерда “Alhadaya” маҳсулоти ва “Андрогард” биологик фаол қўшимчаси нусхалари ноқонуний равишда ишлаб чиқарилиб, қадоқлаб келинаётганини фош этган. Тезкор тадбирда 86 қадоқ “Alhadaya”, 100 қадоқ “Андрогард” биологик фаол қўшимча маҳсулотлари нусхаларини харидорга 40 миллион сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳуқуқбузарнинг яшаш манзили кўздан кечирилганда 152 турдаги ҳар хил ёғ маҳсулотлари, суюқликлар ва бўш идишлар, қадоқлар учун тайёрланган ёрлиқлар, маҳаллий гиёҳ ва дамламалар, қадоқлар учун тайёрланган ёрлиқларни ишлаб чиқаришда фойдаланиб келинган ноутбук ва рангли принтерлар борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олиб қўйилди. Мазкур ҳолат юзасидан қонунбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири