Сурхондарё вилояти ҳокими – фуқаро муҳофазаси бошлиғи Улуғбек Қосимов раҳбарлигида Термиз шаҳридаги “Фаровон сервис” бошқарув компаниясига қарашли кўп қаватли уйларда шартли ёнғинни ўчириш ва аҳолини хавфсиз эвакуация қилиш бўйича амалий-тактик машқи ташкил этилди.
Мамлакатимизда жорий йил 1 декабрдан 30 декабргача аҳолини фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва бу йўналишда амалий кўникмаларни ошириш, тарғибот ишларини кучайтириш учун “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” ўтказилмоқда. Шунингдек, ҳукумат топшириғига асосан аҳолини ёнғин ва ис газидан комплекс ҳимоя қилиш, фавқулодда вазиятларда куч тузилмалари ҳамда ҳамкор ташкилотлар ҳаракатини мувофиқлаштириш бўйича ўқув-амалий тадбирлар ташкил этиш белгиланган.
Термиз шаҳрида бўлиб ўтган машғулотда ҳам шартли ёнғинни бартараф этиш, аҳолини тез ва хавфсиз эвакуация қилиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, фавқулодда вазиятларда қуйи куч тузилмаларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, тезкор ҳаракат алгоритмларини амалга ошириш бўйича амалий машқлар ўтказилди.
[gallery-26635]
Тадбир якунида вилоят ҳокими – фуқаро муҳофазаси бошлиғи ҳудудларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича мутасаддиларнинг ахборотларини тинглади. Тегишли вазифалар белгиланди. Тузилмаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, Термиз шаҳри, Термиз ва Денов туманларидаги кўп қаватли уйларнинг юқори қисмларида ёнғинни ўчиришга мўлжалланган учта замонавий кран-ўчириш техникасини харид қилиш топширилди. Турар жойлар, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа иншоотларда ёнғинга қарши сув таъминоти тармоқларининг тўлиқ шай ҳолатда бўлишини таъминлаш юзасидан тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири