English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Термизда ичимлик сув иншоотларининг рақамли кўриниши яратилди (+видео)
12:31 / 2025-12-11

“Сурхондарё сувтаъминоти” акциядорлик жамияти Термиз шаҳридаги ичимлик сув иншоотлари ва тармоқларини рақамли кўринишга келтириб, геоахборот тизимини жорий этмоқда. Янги марказ шаҳардаги йирик “Шимолий” сув иншоотида фаолият юритади.

Мутахассисларнинг айтишича, бу янгилик сув таъминоти, резервуарлар, канализация тармоқлари, насос станциялари каби инфратузилма объектларининг жойлашуви, ҳолати ва тавсифини географик маълумотлар асосида бошқариб, таҳлил қилиш ва визуаллаштириш имконини беради. Сув таъминоти, қувурлар ва ускуналар ҳақидаги барча маълумотни бирлаштириб, самарадорликни оширади. Авария, яъни қувурлар узилиши ёки сув сизиши сингари кутилмаган ҳолатлар кузатилса, зарар етган жой тезда аниқланиб, тузатиш чораси кўрилади. 

Тизим орқали тармоқлар ҳолати, сув сифати, босими ва сарфи реал вақтда кузатиб турилади. Қувурлар кесими, диаметри, материали, қурилган йили ва бошқа техник параметрларни харитада кўрсатиб, маълумотларни бир жойда тўплайди.

– Термиз шаҳри ҳудудида жойлашган сув иншоотлари ва тармоқлари рақамли кўринишга келтирилмоқда, – дейди “Сурхондарё сувтаъминоти” акциядорлик жамияти масъул мутахассиси Миролим Холматов. – Биз бундан келажакда самарали фойдаланамиз. Ҳозир бу маҳаллалар кесимида турибди. Масалан, Гулистон маҳалласида аҳоли сони, хонадон сони, ичимлик суви билан таъминланганлик сони, даражасини юз фоиз кўришимиз мумкин. Келажакда бу дастур орқали биз аҳолига кириб борган сувнинг ҳисоб-китобини оламиз. “Мангузар” сув иншоотидан ҳам барча маълумотларни олиб турамиз. Тизимда бу иншоотга тегишли маълумотлар ҳам тўлиқ жойлаштирилган. Ҳатто сув босими талабга қараб, кўпайиб, камайиб боришини ҳам кузатиб турамиз. Янги қурилишларимиз ёки янги дастурларимизда тармоқларни қаердан тортсак, қайси тармоғимизнинг қуввати қанчалигини билиб олсак бўлади. 

Термиз шаҳридаги “Шимолий” ва “Мангузар” сув ишлаб чиқариш иншоотлари вилоят марказидаги 20 та маҳаллада яшовчи 113 мингдан ортиқ истеъмолчини сув билан таъминлайди. Маълумотларнинг рақамли кўриниши сув тармоқларини бошқаришда қоғоз хариталар ўрнида аниқ, интерактив ва динамик маълумотларни тақдим этиб, хизмат кўрсатиш сифати ҳамда самарадорлигини янада оширади. 

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/YNkZCWuXxVc?si=lF4QlX5vPAnnAZf6" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири