Бугун Термиз шаҳрида Европа ўнинчи кинофестивали бўлиб ўтади. Фестиваль доирасида кино шинавандаларига европалик санъаткорлар тасвирга олган Литванинг “Декадент №2419”, Австриянинг “Рингдаги қиролича” ва Франциянинг “Дивертименто” фильмлари тақдим этилади.
Шу муносабат билан Термиздаги “Матбуот уйи”да оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, кинофестиваль ҳамкорлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси, жаноб Тойво Клаар жорий йилда ўн йиллигини нишонлаётган фестивалнинг халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришдаги аҳамияти, дўстлик ришталарини мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида атрофлича сўз юритди.
– Европа кинофестивали – бу шунчаки, кино намойишлари эмас, – деди жаноб Тойво Клаар. – Балки одамларни чегаралардан ташқарида бирлаштирадиган ажойиб байрамдир. Европа киносаньаткорлари нигоҳи орқали биз ҳис-туйғуларимиз ва тажрибаларимиз қанчалик ўхшашлигини кўрамиз. Фестиваль ўн йилдан буён Европани Ўзбекистон билан яқинлаштирмоқда. Янги ҳудудлар ва томошабинларга етиб бориб, маданий алмашинув ҳамда дўстликнинг ёрқин рамзига айланмоқда.

Ўтган йилларда кинофестиваль мамлакатимиздаги энг жозибадор маданий воқеалардан бирига айланиб, юртимизнинг 9 та ҳудудида 30 мингдан зиёд томошабинга Европанинг 22 давлатидан келтирилган 110 дан ортиқ фильмни намойиш этди. Бу йилги фестиваль 7-9 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридан бошланиб, санъат байрами доирасида Европанинг 12 мамлакатидан анимация ва ҳужжатли тасвирлардан иборат драма ва комедия жанридаги энг сара 12 та фильм тақдим этилмоқда.

– Кинофестивалнинг воҳамизда ўтказилаётгани киносанъати ихлосмандлари учун ўзига хос байрамга айланмоқда, – дейди Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги киноматография агентлиги вилоят бўлими раҳбари Салоҳиддин Отақулов. – Қизиқарли фильмлари билан халқимизга қувонч улашаётган Европа Иттифоқидан мамнунмиз. Зеро, қадимдан юртимизда маданият ва санъатнинг юксак қадрланишида чуқур маъно бор. Мамлакатимизда маданият ва санъатга халқларни бирлаштирувчи буюк куч сифатида қаралади.

Матбуот анжуманида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди. Грециялик режиссёр Жорж Корделлас томонидан яратилган “Смирналик Роза” фильми намойиш этилди.
Кинофестиваль Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ва Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган Европа Иттифоқига аъзо давлатлар элчихоналари ҳамкорлигида, Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги киноматография агентлиги кўмагида ташкил этилмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири