ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугунги Термиз шаҳри бундан 2 аср илгари бўш жой бўлган. Эски Термиз халқ томонидан “Зуннунобод” дейилган. Сурхон бўйи Термизи эса “Шаҳри Ғулғула” деб аталар эди. XVIII аср бошларидан то XIX асрнинг 70-йилларига қадар ҳар иккисида ҳам аҳоли яшамас эди. Ҳозирги порт ўрнида 1880-йилларда 30-40 та хўжалик ўтов, капа тикиб яшар, шу ерда ўсадиган патта бутасини кесиб, ўтин қилиб сотиш билан кун кечирар эди. Шундан бу жой Паттакесар деб ном олган.
Бухоро амири Абдулаҳадхон ўз юртида ишлаб чиқариш ва савдо-сотиқни янада ривожлантириш мақсадида Термиз шаҳрини қайта тиклашга қарор қилади. 1892 йили нуфузли дин пешволари, Термиз саййидлари, йирик давлат амалдорлари иштирокида бўлиб ўтган сарой йиғилишида амир ўз ниятини маълум қилади.
[gallery-6086]
Амирнинг фармони билан 1894 йилдан бошлаб Янги Термизни қуриш ишлари бошланади. Шаҳар 15 йил давомида йирик қурилиш майдонига айланади. Шу вақт ичида ҳозирги Шимолий дарвозадан “Тараққиёт” кўчаси бўйлаб то шаҳар марказигача, ҳамда Термиз дарё порти атрофлари, саноат зонасининг бир қисми қурилади. Аҳоли бу жойни Янги шаҳар деб атайди.
Бу ер то 1980-йилларга қадар шаҳарнинг энг чиройли қисми бўлган. Унинг шарқий қисмида оддий аҳолининг турар-жойлари қад кўтарди.
1902 йилда шаҳарда Бухоро амири ҳисобидан пишиқ ғиштдан почта-телеграф, молия муассасаси бинолари ва доктор уйи қурилади. Телеграф биноси ҳозирги 6-почта бўлимига тўғри келади. Молия муассасаси ўрнида эса кўргазма зали ҳамда савдо нуқталари жойлашган. Худди шу йили Амир Абдулаҳадхоннинг топшириғи билан мукаммал ечимга эга бўлган карвонсарой мажмуаси қурилиши бошланади. Мажмуа амирнинг ҳамда маҳаллий йирик тадбиркор
Имомалибойнинг маблағига қурилади. Унинг қурилишида бухоролик ва шерободлик усталар иштирок этган.
Тупроққўрғонда барпо этилган уйларнинг ташқи безаклари хом ғиштдан ишланган. Уйларнинг қурилиши улуғвор бўлиб, безаклари Самарқанд ва Тошкентдаги рус ҳарбийларининг уйларидан анча фарқ қилган. Термизнинг йирик иқтисодий марказга айлана бошлаши билан бу ерга Россия ва амирликнинг кўплаб тадбиркорлари кела бошлайди. 1905-1910-йилларда Термизда Матчинбоев ва Шамсиддинов томонидан иккита пахта тозалаш заводи қурилади. 1910 йилда бу шаҳарда 28 та корхона ишлар эди. Ўша йили Имомалибой томонидан Мурчбобо зиёратгоҳи ва унинг олдида битта масжид барпо этилган.
Амир Абдулаҳадхоннинг Термиздаги саройи ва мажмуанинг меҳмонхона комплекси 1950-60-йилларда аҳоли учун турар-жой қилиб берилади. Унинг асл номи унутилади. Амир Абдулаҳадхоннинг сиёсий иродаси бўлмаганида, ҳозирги Термиз ҳудуди шаҳар бўлмай, эҳтимол, экинзор бўлиши мумкин эди.
Ҳозирда Термизнинг тарихий қисмида Бухоро амирлари томонидан қурдирилган 50 га яқин иморат мавжуд. Тадқиқот олиб борилса, бу рақам янада ошиши мумкин. Қувонарлиси, бу уйлар таъмирталаб эмас. Уйлар ва улардаги безакларнинг кўпи ўз асл кўринишини сақлаб қолган. Реставрация қилинса, ХХ аср бошидаги ҳолатига қайтариш ҳам мумкин. Шунингдек, бу ердаги айрим ҳарбий объектлар 1894 йилда қурилганлигини ҳисобга олиб, унинг ичини ўша давр ҳарбий техникаси экспонатлари билан жиҳозлаб, музейга айлантирса ҳудуднинг туристик салоҳияти янада ортади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат), ЎзА