Сурхондарё вилояти божхона бошқармасига бириктирилган Термиз шаҳридаги 18 - мактабда “Божхона билимдони” кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Мактаб ўқувчиларининг божхона соҳасига қизиқишини ошириш, иқтидорли ўқувчиларни аниқлаб, уларнинг қобилиятини ривожлантириш, назарий билим ва амалий кўникмаларини юксалтириш мақсадида ташкил этилган танлов тўртта шарт асосида ўтказилди.

Ўқувчилар “Божхона олами” ўқyв услубий қўлланмаси бўйича тест, оғзаки савол-жавоб шартлари, компьютер ва ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда жисмоний тайёргарлик бўйича ўзаро беллашди.
Мазкур таълим муассасасида вилоят божхона бошқармаси ходимлари белгиланган дастур асосида ёшларнинг соҳага қизиқиш ва интилишини оширишга қаратилган тарғибот тадбирларини амалга оширмоқда. Шу мақсадда турли учрашув ва танловлар ўтказиб, ўқувчиларга божхона соҳасига оид дарслар ўтилмоқда.

Вилоят божхона ва вилоят халқ таълими бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, мактаб маъмурияти вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирокида ўтказилган танловда ҳам ўқувчилар ўз билим ва маҳоратини кенг намойиш этди.
– Вилоят божхона бошқармасининг мактабимизга бириктирилгани менинг келгуси ҳаётимни белгилаб берди,– дейди мактабнинг 10-синф ўқувчиси Ойбек Боймаматов.– Вилоят божхона бошқармаси мутасаддиларининг мактабимизга тез-тез келиб, биз билан учрашувлар ўтказаётгани, турли тадбирлар ташкил этиб, сабоқ бераётгани соҳага оид билим ва тасаввурларимни бойитмоқда. Жисмонан чиниқаяпман. Бугунги танловда барча шартларни аьло даража уддалаб, фахрли биринчи ўринни эгаллаганимдан бахтиёрман. Мактабни тугатгач, албатта шу соҳа бўйича ўқиб, сарҳадларимиз осойишталиги ва юртимиз хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқчиман.

Танлов якунида ғолиблар вилоят божхона бошқармасининг диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА