Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Термизда бўлғуси педагоглар учун янги турар жой биноси ишга тушди
16:28 / 2026-03-05

Термиз давлат педагогика институти талабалари учун замонавий қулайликларга эга 400 ўринли янги турар жой биноси фойдаланишга топширилди.

Янги бинонинг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида атрофлича сўз юритди. Талабаларни етарли қулайликка эга янги турар жой билан табриклади. Улар бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, билим ва ўзлари қизиққан касбни чуқур эгаллаши ҳамда келажакда Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган мутахассислар бўлиб улғайишига омад тилади.  

Термиз туманидаги “Янги Ўзбекистон” массиви ҳудудида қад ростлаган беш қаватли бинода талаба-ёшлар учун зарур шароит яратилган. Бой китоб фондига эга кутубхона, фитнес зали, тикувчилик, маънавият ва бошқа хизмат кўрсатиш хоналари барпо этилган.

Олий таълим муассасасида 10 минг 800 йигит-қиз таълим олмоқда. Уларнинг 6 минг 600 нафари кундузги таълим шаклида ўқийди. Шу пайтгача талабалар 892 ўринли учта талабалар турар жойида дарсдан бўш вақтини мазмунли ўтказаётган эди. Янги турар жой биноси ҳам ётоқхонага эҳтиёжи бор ёшларнинг қулай шароитларда машғулотларга тайёргарлик кўриши ва сермазмун дам олишига хизмат қилади.

Тадбир иштирокчилари талабалар турар жойида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. 107 та хонадан иборат ётоқхонанинг ҳар бири телевизор, Wi-FI тармоғи, мебель ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланган.

Вилоят ҳокими пайшанба – “Ёшлар куни” доирасида талаба-ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларнинг таклиф, ташаббус ва мурожаатларини тинглади. Улар ўртага ташлаган масалаларни ҳал этиш ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ берди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири