English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Термизда бир гуруҳ спортчи ва мураббийлар тақдирланди
12:42 / 2019-12-25

Термиз шаҳридаги “Алпомиш” кураш мажмуасида ўтаётган йилда спорт бўйича юқори натижаларга эришган бир гуруҳ спортчи ва мураббийларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.


Термиз шаҳридаги “Алпомиш” кураш мажмуасида ўтаётган йилда спорт бўйича юқори натижаларга эришган бир гуруҳ спортчи ва мураббийларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ёш авлодни жисмонан камолга етказиб, Ўзбекистоннинг довруғини дунёга кенг тараннум этишда юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Ёшларнинг Ватанга муҳаббат, юртга садоқат ва буюк аждодлар анъанасига ҳурмат туйғусини юксалтираётгани қайд этилди.

Якунланаётган йилда сурхондарёлик спортчилар ҳам Жаҳон, Осиё, республика миқёсида ўтказилган нуфузли мусобақаларда 719 та олтин, кумуш ва бронза медални қўлга киритиб, воҳа шарафини муносиб ҳимоя қилгани бунга яққол далилдир.

Айни пайтда Баҳодир Жалолов, Шарофиддин Лутфуллаев, Ҳикматулло Тўраев, Лобар Хуррамова, Гулжаной Наимова, Шоҳрух Ражабов, Ситора Ҳамидова, Садриддин Сайматов каби ёш спортчилар 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги олимпиада ўйинларида Ватанимиз шаънини шараф билан ҳимоя қилишга пухта ҳозирлик кўриб, юксак ишончни оқлаш учун барча замонавий шароитларга эга иншоотларда жисмонан тобланмоқда.

12 - копия.jpg

Тантанали маросимда бокснинг АИБА йўналиши бўйича Жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов ҳамда спортнинг каратэ тури бўйича халқаро турнирлар совриндори, Осиё чемпионати олтин медали соҳиби Сайриддин Сайматовга 25 миллион сўмдан пул мукофоти топширилди. Мусобақаларда қўлга киритган ютуқлари учун бир гуруҳ спортчи ва мураббийлар қимматбаҳо совғалар, пул мукофотларига сазовор бўлди.

– Кейинги йилларда вилоятда спортнинг бокс тури жуда оммалашиб, кўплаб ёш спортчилар майдонга кириб келмоқда, – дейди бокс бўйича вилоят федерацияси раиси, “Термиз тезкор қурилиш” ихтисослашган таъмирлаш-қурилиш ташкилоти раҳбари Ҳ. Алламуратов. – Бу кейинги йилларда яхши кўрсаткичларга эришаётган спортчи ва мураббийлар меҳнати муносиб рағбатлантирилаётганининг амалдаги самарасидир. Ўтаётган йилда ҳам кўплаб ёш боксчиларимиз Жаҳон, Осиё ва республика мусобақаларида совринли ўринларни қўлга киритиб, мамлакатимиз байроғини баланд кўтарганидан ҳақли равишда фахрланамиз. Юртимиз орини нуфузли мусобақаларда шараф билан ҳимоя қилган спортчиларимизни йил давомида қўллаб-қувватлаб, рағбатлантирдик. Совға-саломлар улашдик. Янги йил арафасида ташкил этилган ушбу тадбирда ҳам энг юқори натижаларга эришган 12 нафар ёш боксчи ва 8 нафар мураббий хизматини алоҳида эътироф этиб, қимматбаҳо совға, пул мукофоти билан тақдирладик.

Тадбирда санъаткорлар ижросидаги дилрабо куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.

Тантанали маросимда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқди.