Сурхондарёда яна бир ерости бойлиги ўзлаштирилиб, янги турдаги қурилиш материали ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Термиз туманидаги Термиз эркин иқтисодий зонасида базальт плитаси ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилмоқда.
Президентимиз 2023 йил 16-17 ноябрь кунлари вилоятга ташрифи чоғида воҳанинг ер ости ва ер усти бойликларидан самарали фойдаланиб, янги турдаги тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эди. Мазкур топшириқлар ижроси доирасида “Сурхон сендвич” масъулияти чекланган жамияти Олтинсой туманидаги базальт захирасини ўзлаштириб, қурилиш учун зарур базальт плитаси ишлаб чиқаришга бел боғлади.

Базальт тошидан ишлаб чиқарилган материал қурилишда бино ичкари қисмидаги ҳаво ҳароратини мўътадил ушлаб туриш, ташқи иссиқлик ва совуқ ҳароратнинг ичкарига киришидан сақлаш, хоналарда ташқи товушларни камайтириш учун қўлланилади. Ноёб материал бино том қисмига тўшалса иссиқликнинг бино ичига ўтишидан сақлайди. Фасад қисмида қўлланилса ташқи иссиқ ва совуқ ҳароратнинг ичкарига киришидан асрайди. Пол қисмига тўшалса захни ўтказмайди. Ички хоналар деворларига ишлатилса хоналардаги товушнинг бошқа хоналарга эшитилишининг олдини олади.

Мутахассисларнинг айтишича, Олтинсой туманида сифатли базальт хом ашёсининг жуда йирик захираси мавжуд. Унинг ўзлаштирилиши маҳаллий қурувчиларни арзон, сифатли ана шу турдаги тайёр материал билан таъминлашга хизмат қилади. Тадбиркор коннинг 50 гектаридаги хом ашёни хориж технологияси асосида қайта ишлашни йўлга қўймоқда. Уч гектар майдонда қад ростлаган корхонага замонавий технологиялар ўрнатилмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш учун 26 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилиб, 320 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Бу ерда йилига 25 минг тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 4,5 миллион долларлик базальт плитасини хорижга экспорт қилиш мўлжалланмоқда.

Янги лойиҳа йил якунигача фойдаланишга топширилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири