Президентимиз жорий йил 16-17 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз туманидаги “Учқизил” сув омборида байдарка ва каноэда эшкак эшиш халқаро спорт базасини ташкил этиш юзасидан тегишли топшириқларни берган эди.
Термиз шаҳридан 20 километр узоқда атрофи тепаликлар билан ўралган тақасимон табиий чуқурликда барпо этилган мовий сув омбор баҳаво ҳудудда жойлашган.

Давлатимиз раҳбари ғояси билан сув омбор атрофи нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижликлар ҳам саломатлигини тиклайдиган ва мириқиб ҳордиқ чиқарадиган ажойиб гўшага айланмоқда. 140 ўринли “Термиз марвариди” масъулияти чекланган жамиятининг санаторийси тубдан реконструкция қилиниб, янги иншоотлар қурилди. Гўзал табиат қўйнидаги сиҳатгоҳ мижозлари физиотерапия ва маъданли сув, қум ва қуёш нурлари орқали даволанмоқда. Сув омбор бўйидаги “Марварид”, “OXUS” дам олиш масканларида ҳам маҳаллий ва хорижликлар эко ва бошқа туризм мухлислари, спорт шинавандалари айниқса, жазирама ёз кунларини мароқли ўтказиши учун барча замонавий қулайлик мавжуд.
Сув омбори негизида қад ростлайдиган байдарка ва каноэда эшкак эшиш халқаро спорт базаси спортнинг ана шу турига кўнгил қўйган ёшлар машғулот ўтказиб, унинг сир-асрорларини мукаммал эгаллайдиган, байдарка ва каноэ бўйича профессионал спортчиларни тарбиялаб, тайёрлашга ихтисослашган мактаб бўлади.

Термиз туманида халқаро спорт базаси лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов лойиҳа билан яқиндан танишиб, зарур топшириқларни берди. Унда ёшларнинг мазкур спорт тури билан шуғулланиши учун барча замонавий шароитларни яратиш кўзда тутилган. Байдарка ва каноэ бўйича профессионал спортчиларни тайёрлаш, йирик спорт мусобақаларини ўтказиш учун замонавий база яратиш режалаштирилган. Спорт зал, қайиқларни қуритиш жойи, 200 ўринли томошабинлар трибунаси, базанинг маъмурий биноси ҳам барпо этилади.
Лойиҳани кўздан кечирган вилоят раҳбари бу ишга тажрибали мутахассислар, спортнинг шу тури билан профессионал шуғулланувчиларни жалб этган ҳолда лойиҳа-смета ҳужжатларини янада пухта ишлаб чиқиш, спортчилар учун зарур шароитларни инобатга олиш юзасидан таклиф ва тавсияларини берди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири