Термизда аттракциондан йиқилганларнинг аҳволи қандай?
Ижтимоий тармоқларда Термиз шаҳридаги “Болажон” истироҳат боғидаги “Қувноқ тепалик” аттракционида ўриндиқ синиб, ерга қулаб тушиши оқибатида тўрт нафар фуқаро турли хил жароҳат олгани айтилган хабар тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Мазкур ҳолат кеча, яъни 16 апрель куни соат кундузги иккидан сўнг юз берган. Жабрланганлар зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё филиалига ётқизилиб, зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё филиалидан олинган маълумотларга кўра, жароҳат олганларнинг бир нафари реанимация бўлимида қолмоқда, ҳолати яхши. Қолганлари умумий палаталарда зарур муолажаларни олаётир. Шифокорлар уларнинг тўлиқ соғайиши учун муайян вақт кераклигини айтмоқда.
Шаҳар марказидаги “Болажон” истироҳат боғи “Termiz avnue park” масъулияти чекланган жамиятига қарашли бўлиб, ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари дастлабки текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири