Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Термизда Афғонистон масаласи бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди
19:33 / 2024-09-15

11–12 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти Германиянинг Конрад Аденауэр номидаги жамғармаси билан ҳамкорликда “Марказий Осиё ва Афғонистон: умумий келажак сари” мавзуида халқаро давра суҳбати ўтказди.

Унда Ўзбекистон, Марказий Осиё, Афғонистон ва Германиядан халқаро муносабатлар, хавфсизлик, иқтисодиёт ва дин масалалари бўйича 20 дан ортиқ етакчи экспертлар иштирок этди.

Стратегик институтлар ва етакчи илмий-тадқиқот институтлари экспертлари Марказий Осиё давлатлари бўйича тақдимот ўтказдилар. Германия томонидан Конрад Аденауэр номидаги жамғарма, «Бергхоф» жамғармаси ва Киль университетининг Хавфсизлик тадқиқотлари институти мутахассислари иштирок этди.

Тадбир доирасида қатнашчилар Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш ва минтақавий иқтисодий алоқаларга жалб этиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган инфратузилма ва амалий чора-тадбирлар билан танишдилар.

Хусусан, меҳмонлар Афғонистон билан чегарадан 500 метр узоқликда жойлашган 37 гектар майдондаги чегара савдо зонаси – “Термиз” Халқаро савдо марказида бўлдилар. Шу йилнинг 29 август куни бўлиб ўтган “Термиз” Халқаро савдо марказининг очилиш маросимида Ўзбекистон Бош вазири, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон иқтисодиёт вазирлари ўринбосарлари, шунингдек, Афғонистон бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар иштирок этгани қайд этилди.

Таъкидланганидек, чегара савдо зонаси қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, транспорт-логистика ва маъмурий таомилларни соддалаштириш мақсадида ташкил этилди. Хусусан, унинг майдонида ташриф буюрувчилар учун 15 кунлик визасиз режим жорий қилинган. Савдо майдончасида 3 мингта савдо шохобчалари, 400 кишига мўлжалланган иккита меҳмонхона қурилган бўлиб, бу ерда электр товарларидан тортиб, кийим-кечаккача турли маҳсулотлар сотилади. Бундан ташқари, Афғонистон фуқаролари учун таълим олиш, тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш шарт-шароитлари ҳам яратилган.

Тадбир иштирокчилари учун шунингдек, Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасига 2 км масофада жойлашган “Термиз Карго Маркази” халқаро транспорт-логистика хабига ташриф уюштирилди. Марказнинг умумий майдони 40,7 гектар бўлиб, кунлик қуввати минг тоннани ташкил этади. Марказ ҳудудида ҳар бири 6 минг кв метр бўлган 4 та ёпиқ омбор мавжуд. Омборларнинг бири 14 та музлатгич билан жиҳозланган.

Ушбу хабнинг ўзига хос хусусиятларидан бири унинг географик жойлашуви бўлиб, у Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон туташган ҳудудда жойлашган. Шунингдек, нафақат Афғонистон, балки Эрон ва Покистондаги афғон қочоқлари учун халқаро инсонпарварлик ёрдамини етказиб беришга хизмат қиладиган воситачилик вазифасини ҳам бажаради.

Халқаро ташкилотлар, хусусан Жаҳон озиқ-овқат дастури ва БМТнинг Қочоқлар масалалари бўйича Олий комиссари бошқармаси “Карго маркази”дан Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамларини етказиб бериш учун фойдаланмоқда. 2021 йилдан буён Афғонистонга ушбу хаб орқали 144 минг тонна инсонпарварлик ёрдами, жумладан озиқ-овқат маҳсулотлари (ун, буғдой), дори-дармонлар, чодирлар, қуён лампалари ва бошқа зарур товарлар етказиб берилган. Ушбу логистика хабининг фаолияти Афғонистондаги мураккаб вазият ҳамда жаҳон ҳамжамиятининг Афғонистон масаласига эътиборининг пасайиши шароитида муҳим аҳамият касб этмоқда. У чегара орқали тез ва мослашувчан гуманитар ёрдам кўрсатиш ҳамда афғон фуқароларига ёрдам бериш учун воситаларни сафарбар қилиш имконини бериши таъкидланди.

БМТ маълумотларига кўра, 39 миллион афғон фуқаросидан 24 миллион нафари ҳануз инсонпарварлик ёрдамига муҳтож, 19 миллион киши қашшоқлик чегарасида, 6 миллион киши очликни бошдан кечирмоқда.

Шунингдек, экспертлар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилда афғон фуқаролари учун ташкил этилган Таълим маркази фаолияти билан ҳам танишдилар. Ушбу ўқув муассасаси олий, ўрта-махсус ва касбий таълим бўйича фақат афғонистонликлар учун таълим берадиган дунёдаги ягона ўқув даргоҳидир. Унинг фаолияти давомида 700 нафарга яқин афғонистонликлар марказда таҳсил олди, уларнинг 200 нафардан кўпроғи қизлардир.

Бугунги кунда Марказ негизида афғон фуқаролари учун тикиш-бичиш, сартарошлик, гиламдўзлик, моделлаштириш, ҳайкалтарошлик ва бошқа касблар бўйича 3-6 ойлик ўқув курслари ташкил этилган. Муассаса БМТнинг Тараққиёт дастури, ЕИ, ГФР, Словакия, Ҳиндистон каби донор мамлакатлар ва ҳорижий ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Тадбир меҳмонлари шунингдек, божхона ва чегара назоратида такомиллашган технологиялар билан жиҳозланган “Термиз - Хайратон” назорат-ўтказиш пункти иши билан ҳам танишдилар.

Назорат-ўтказиш пунктида яратилган шарт-шароитлар чегара ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш хизматларининг ноқонуний далилларни аниқлаш, ўтказувчанлик қобилиятини ошириш ҳамда чегарадан ўтаётган шахсларга сифатли хизмат кўрсатиш салоҳиятини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Бир сўз билан айтганда, юқорида кўрсатилган барча инфратузилмавий лойиҳалар Афғонистон билан савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш, афғон иқтисодиётини тиклаш, Афғонистонни тинч ривожланиш йўлига олиб чиқиш ва унинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғловчи бўғин сифатидаги тарихий ролини тиклаш учун дастлабки шарт-шароитларни яратишга қаратилган. Шу нуқтаи назардан, Афғонистоннинг барқарор ривожланишини таъминлашда иқтисодий воситалар энг самарали ҳисобланади.

Тадбир иштирокчилари шунингдек, Термиз шаҳрининг бой маданий мероси билан танишиш мақсадида Ҳаким ат-Термизий мақбараси ва археологик музейида ҳам бўлдилар. Термиз шаҳри тарих, маданият ва тил муштараклиги туфайли Марказий ва Жанубий Осиё туташган нуқта эканлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, 12 сентябрь куни ташкил этилган давра суҳбати давомида Афғонистонда барқарор тинчлик ва ижтимоий-иқтисодий тикланишига эришишда халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, тадбирни очиб берган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов: “Бугун Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий ривожланиши ва фаровонлигини таъминлашда жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир”, — деди. Унинг сўзларига кўра, “Бу мамлакатни яккалашга йўл қўймаслик керак, чунки бу Афғонистондаги гуманитар инқирозни янада кучайтириши ва турли бузғунчи жараёнлар учун замин яратиши мумкин”.

“Тинч ва интеграциялашган Афғонистон — минтақадаги умумий келажак, барқарор ва мустаҳкам минтақалараро тараққиёт гаровидир”, — деди Акрамжон Неъматов. Ўз навбатида, экспертлар афғон иқтисодиётини тиклашга ёрдам бериш ва бу борада ягона мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидладилар.

Бу борада, ҳозирги кунда Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклаш ва бу мамлакатни минтақавий иқтисодий алоқаларга интеграция қилишда Марказий Осиё муҳим роль ўйнаётгани алоҳида қайд этилди. Умуман олганда, давра суҳбати иштирокчилари Афғонистондаги вазиятга эътиборни сусайтирмаслик, бу мамлакатни ўз муаммолари билан ўз ҳолича қолдирмаслик, бу йўналишда келишилган сиёсатни амалга ошириш, айни пайтда афғон халқининг манфаатлари барча саъй-ҳаракатларнинг марказида туриши керак, деган якдил фикрга тўхталдилар.

ЎзА