ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги Санъат саройида Сурхондарё вилояти Адлия бошқармаси томонидан “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиш керак” шиори остида “Адлия сайли” ташкил этилди.
Тадбирда давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этиб, аҳолини ўз фаолияти билан яқиндан таништирди. Уларга ҳуқуқий хизмат кўрсатди.
Жараёнда ҳуқуқий маълумотлар кенг тарғиб қилинди. Иштирокчилар ижтимоий фаолликка чорланди. Аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш мақсадида вилоятдаги барча давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маслаҳат бурчаклари ташкил қилиниб, уларни қизиқтирган масалаларда ҳуқуқий тавсиялар берилди.
Ҳуқуқий сайл давомида вилоят адлия бошқармаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари иштирокида сайёр қабуллар ташкил этилиб, фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.
Шу билан бирга, халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда психологик семинар-тренинглар, ёшларни ҳуқуқий билимини текшириш мақсадида ҳуқуқий викториналар, тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ёшларга савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси томонидан тушунтириш ишлари ташкил этилди.
Спортчилар ва ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари тадбирга кўтаринкилик бахш этди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат),ЎзА