French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Термизда 500 турдаги саноат маҳсулотлари намойиш этилмоқда
16:44 / 2024-10-24

Бугун Термиз туманидаги Ўзбекистон – Афғонистон чегарасида барпо этилган “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси бошланди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, рақамли трансформация маркази, “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси, Ўзбекистон қурилиш материаллари саноат корхоналари уюшмаси ҳамда “Ўзкимёсаноат” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган ярмарка рақобатбардош, экспортбоп, импорт ўрнини босувчи замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, саноат салоҳиятини янада ошириб, маҳаллийлаштиришни кенгайтиришга йўналтирилган.

Икки кун давом этадиган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасида мамлакатимизнинг бешта салоҳиятли тармоқ корхонаси ҳамда вилоятда фаолият юритаётган 200 дан ортиқ маҳаллий тадбиркорлар қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, кимё саноати, чарм-пойабзал ва тўқимачилик, қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноати каби йўналишларда ўзлари ишлаб чиқараётган 500 турдаги саноат маҳсулоти билан иштирок этмоқда.  

Ярмаркада қатнашаётган Афғонистон делегацияси ярмарка кўргазмаси, эркин савдо зонаси ҳудудидаги “Hilton” меҳмонхонаси, “AKFA MEDLINE” клиникаси, логистика терминали ва “Шоурм” билан танишди. Афғон тарафи кўргазмадан ўрин олган маҳсулотларга ҳам катта қизиқиш билдирмоқда. Тадбир доирасида қўшни мамлакат вакиллари билан икки томонлама ўзаро алмашинув келишувларини имзолаш режалаштирилган.  

Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ташкилотчиларининг таъкидлашича, икки кун давомида ишбилармон доира вакиллари икки томонлама кооперация асосида қиймати 250 миллиард сўмлик ҳамкорлик шартномаларини имзолаши кутилмоқда.  

Ярмарканинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов сўзга чиқди.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири