Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси туфайли Сурхондарё вилояти тобора кўкаламзорлашиб, атроф-муҳити мусаффо ва кўркам ҳудудга айланмоқда.
Мамлакатимизда лойиҳа бошланганидан буён вилоятда 50 миллион тупдан ортиқ турли дов-дарахт ва бута кўчатлари экилиб, янги яшил майдонлар яратилди. Униб-ўсиши назоратга олинди. Бу жараёнда “афғон шамоли” таъсиридан азият чекиб келадиган Термиз шаҳрининг яшиллик даражасини ошириб, чанг-тўзонларнинг олдини олишга қаратилган эзгу ишлар ўз самарасини бера бошлади. Эндиликда бу юмуш нафақат яшилликсевар одамларнинг эзгу ишига айланди, балки соҳа олимларини ҳам изланишга ундади. Улар иқлим ўзгариши, сув тақчиллиги, шамол ва сув эрозияси каби масалаларни ҳар тарафлама ўрганиб, таклифларини бермоқда. Ҳудудлар сунъий йўлдош орқали кузатилиб, содир бўлаётган ўзгаришлар чуқур таҳлил қилинмоқда. Чанг-тўзонлар йўлини аниқлаб, олдини олиш учун ўрмонзорлар барпо этишни тавсия этаётир.


Сунъий йўлдош мониторинглари ва очиқ манбалар таҳлили асосида тақдим этилган маълумотларга кўра, Термиз шаҳрида сўнгги йилларда ижобий экологик ўзгаришлар кузатилган. Яшил ҳудудлар кенгайиб, дарахтзор майдонлар сезиларли даражада ошгани, шаҳарнинг марказий кўчалари, аҳоли яшаш массивлари ва йўлбўйи ҳудудларида амалга оширилган кўкаламзорлаштириш ишлари сунъий йўлдош тасвирларида ўз аксини топган. Шаҳарда экологик барқарорлик мустаҳкамланиб, ҳаводаги чанг миқдори камайган. Шаҳар муҳити янада соғлом, қулай ва иқлимга мослашувчан бўлиб бораётгани қайд этилган. Ирригация тармоқларини такомиллаштириш, ички канал ва ариқларни мунтазам тозалаш, боғ ва хиёбонларни кенгайтиришга қаратилган ишлар яшил ҳудудларнинг узоқ муддат сақланишини таъминлаётгани кузатилган. Энг муҳими халқ орасида “афғон шамоли” номи билан машҳур чанг бўронлари миқдори сезиларли даражада камайган. Жумладан, вилоятда 2010 йил шамол тезлиги 15 метр/секунд ва ундан юқори бўлган кунлар 42, 2020 йилда 45 кунни ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 28 кунгача қисқарган. Кейинги йилларда одамлар ҳам шамол тезлиги пасайиб, чанг-бўронлари кўтарилиши камайиб бораётганидан қувонмоқда.


Лойиҳанинг ўтган куз мавсумида шамол тезлигини янада самаралироқ тўсиш учун вилоятнинг Ангор ва Термиз туманлари ҳудудида 297 гектар ер майдони ажратилиб, иқлим шароитга мос мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш бошланган эди. Танланган бу майдонларда яшил ҳудуд ташкил этиш учун туман, шаҳар ҳокимликлари Термиз, Ангор туманларининг “Каттақум” массивида 87 гектар, вилоят ҳокимлиги ва унинг таркибидаги ташкилотлари Ангор туманининг Толлошқон маҳалласи ҳудудида 102гектар, ёқилғи қуйиш шохобчалари Ангор туманининг “Қорақир” массиви ҳудудидан 108 гектар ер майдонини тайёрлаб кўчат экишни бошлаган эди.
– Кўчатларни экишда агротехник тадбирга алоҳида эътибор берилмоқда, – дейди вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи Баҳодир Ўринов. – Танланган ер майдонлари шўр бўлгани учун дастлаб атрофдаги зовурлар тозаланди. Кўчат экиш учун 2х2 ўлчамда 60х60 ҳажмда чуқур ковланиб, пастки қисмига ёпиқ картон қутилар жойлаштирилди. Тагидан шағал тош, устидан эса унумдор тупроқ тўкилди.

Айни пайтда Ангор туманидаги “Қорақир” массивидаги 104 гектар фойдаланилмай турган майдонга воҳадаги олтита ўрмон хўжалиги 2х2 ўлчамда яшил боғ яратмоқда. Ҳудуднинг иқлим шароитга мос бўлган элдор қарағайи, виргин арча, туя, тут ва катальпа сингари манзарали дарахт кўчатлари экилаётган бу ер ҳам қум бўронларининг олдини олишга қаратилган.
Йирик маблағ ва меҳнат эвазига вилоятда теварак-атрофнинг аниқ режа ва мақсад асосида кўкаламзорлаштирилаётгани иқлимни юмшатадиган табиий тўсиқ, шамол ва чангдан ҳимоялайдиган “яшил қалқон” вазифасини ўтайди. Хусусан, Термиз ва Ангор туманларидаги вилоят, туман, шаҳар ҳокимликларига тақсимланган ҳудудларда яратилаётган “яшил қалқон”лар корхона ва ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан, Ангор тумани “Қорақир” массивидаги 104 гектар майдонда кўчат экиш ва суғориш тизимини яратиш учун Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг 7,5 миллиард сўм маблағи эвазига барпо этилмоқда.


Қум бўронларига қарши Термиз туманидаги Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги 31 гектар майдонда ҳам “яшил белбоғ” яратилмоқда. Бу ерга 12,7 минг туп элдор қарағай кўчати экилди. Энди кўчатлар атрофига 6,5 минг туп наъматак экишга ҳозирлик кўрилмоқда. Кўчатларни ўз вақтида суғориш учун сув қудуғи қазилди. Тўртта сув ҳавзаси қурилиб, томчилатиб суғориш тизими ўрнатилмоқда. Энг муҳими ҳудудларга яхши ният билан экилаётган дов-дарахтларнинг ёз чилласида қовжираб қолмай, кўкка бир текис бўй чўзиши учун томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш тизими, меҳр билан парвариш қилиш учун ўз боғбони бор. Демак, Термиз чанг-тўзонларидан холи яшилликка бурканган кўркам, иқлими мўътадил шаҳарга айланади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири