Термиз халқаро аэропортида чет давлат фуқароларига улар томонидан Ўзбекистон ҳудудидаги чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларидан айрим турдаги товарларни харид қилишда тўланган ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) суммасини қисман қайтариш – “Tax Free” шохобчаси иш бошлади.
Маълумки, 2023 йилнинг 1 январидан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда “Tax Free” тизими жорий этилиб, Тошкент, Бухоро, Урганч, Самарқанд ва Фарғона халқаро аэропортларида “Tax Free” шохобчалари фаолияти йўлга қўйилган эди.
Шохобча очилиш маросимида Солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Солиқ-сервис” ДУК бўлим бошлиғи Н. Ғуломов сўз олиб, “Tax Free” республикамизнинг барча ҳудудларидаги чакана савдо объектларида қарор билан тасдиқланган рўйхатга киритилган товарларга нисбатан қўлланилиши ва чет эл фуқаросига қўшилган қиймат солиғи суммасини қисман қайтариш тартиби тўғрисида тушунтириш берди.
Таъкидланганидек, хорижий тажриба асосида йўлга қўйилган “Tax Free” тизимининг мамлакат туристик салоҳиятини ошириш ва хорижий сайёҳларни жалб этишда ўрни беқиёс.
[gallery-15333]
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА