Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Термиз шаҳар ҳокими халққа мурожаат этди
14:19 / 2020-12-10

Халқ депутатлари Термиз шаҳар кенгашининг бугун бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида шаҳар ҳокими И.Худойбердиев якунланаётган йилда ҳудудда амалга оширилган асосий ишлар ва 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари тўғрисида шаҳар аҳлига мурожаат этди.

Қайд этилдики, кейинги йилларда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар юртимизнинг жанубдаги дарвозасини ҳар тарафлама юксалтириб, аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилмоқда. Шунга мувофиқ Термиз шаҳрида ҳам замонавий саноат корхоналар барпо этилаётир. Қурилиш-ободонлаштириш ишлари кўлами кенгайиб бормоқда. Хизматлар кўрсатиш, таълим-тиббиёт ва бошқа муҳим соҳалар тубдан ўзгараётир. Жумладан, ўтган йилнинг шу даврида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 756,2 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 982,7 миллиард сўмга етди. Йил якуни билан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1 триллион 98 миллиард сўмни ташкил этиб, аҳоли жон бошига 5 миллион 946 минг сўмга етиши кутилмоқда. Айни пайтда шаҳарда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг вилоятдаги улуши 19,7 фоизни ташкил этиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда биринчи ўринни эгалламоқда. Янги йилда қиймати 48 миллиард сўмлик 7 та замонавий лойиҳани ишга тушириш эвазига саноат маҳсулотлари ҳажми 1 триллион 207 миллиард сўмга етказилади.

Жорий йилнинг тўққиз ойида қурилиш ва пудрат ишлари 906,3 миллиард сўмга бажарилиб, 109,7 фоиз ўсди. Йил якуни билан бу кўрсаткич 1 триллион 264 миллиард сўмга бажарилиб, вилоятдаги улуши 28,1 фоизга, аҳоли жон бошига 6940,0 минг сўмга етишига эришилади. 2021 йилда қурилиши режалаштирилган 20 та кўп қаватли уй-жойлар ҳамда янгидан қурилаётган лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига соҳада бажариладиган ишлар ҳажми 1 триллион 382,8 миллиард сўмни ташкил этиши кутилмоқда.  

Бундан 4-5 йил илгари ҳам кўримсизгина шаҳар бўлган Термизда саноат ва қурилиш тармоғининг изчил ривожланиб, қиёфаси тубдан ўзгараётганида аниқ мақсадга йўналтирилган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида истиқболли инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилиб, татбиқ этилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Масалан, "Интер силк про" масъулияти чекланган жамиятининг қиймати 57 миллиард сўмлик “Пилла кластерини ташкил этиш” лойиҳаси 120 та янги иш ўрни яратади. Шундай қилиб, 2021 йил  қиймати 385,9 миллиард сўмлик 42 та лойиҳани ишга тушириш 1 минг 580 кишининг бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

[gallery-355]

Коронавирус инфекцияси дунёда жиддий ташвиш ва хавотир уйғотган ўтаётган йилда шаҳарда қиймати 17,3 миллион доллар ҳажмидаги тўғридан-тўғри инвестиция жалб этиш режалаштирилган. Йилнинг тўққиз ойида режадаги 9,9 миллион доллар ўрнига 9,5 миллион доллар қийматидаги маблағ ўзлаштирилди.  Келгуси йил ҳам бу борадаги ишлар давом эттирилиб, импортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қўшимча қурилиш материаллари ва мебелчилик соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш белгилаб олинди. Жумладан,“Oravit Ceramic” масъулияти чекланган жамияти қиймати 1,8 миллион, “Glass Expo Surxon” 1,5 миллион долларлик, “Комфорт мебел сервис” масъулияти чекланган жамияти 19,5 миллион МЧЖ қиймати 19,5 миллиард сўмлик янги қувватларни ишга туширади.  

Мурожаатда янгиланётган Ўзбекистонда аҳолининг турмуш даражасини ошириш, уларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун барча шароитларни яратиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар Термиз шаҳрида ҳам босқичма-босқич руёбга чиқарилаётгани, шу мақсадда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа обьектлари, кўп қаватли уйлар қурилаётгани алоҳида таъкидланди. Йўл муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ривожланиб, электр энергияси, газ, ичимлик сув ҳамда иссиқлик таъминоти билан таъминлашга эътибор кучайтирилаётгани қайд этилди.

– Сўнгги уч йилда шаҳарда 1 минг 530 та пастқам турар ва нотурар бинолар бузилиб, ўрнида 12 минг 446 хонадонга мўлжалланган 265 та кўп қаватли уй қурилиб, фойдаланишга топширилди, – деди И.Худойбердиев. – Иккита деҳқон бозори ва “Яшил дунё” савдо комплекси, муҳташам “Санъат саройи”, истироҳат боғи ва бошқа қатор ижтимоий объектлар барпо этилди. Шунингдек, уч йилда 1 минг 218 хонадонли 29 та 7 қаватли ҳамда 1 минг 110 оилага мўлжалланган 66 та 3 ва 4 қаватли арзонлаштирилган уй-жойлар қурилиб, ўз эгаларига топширилди. Ҳарбий соҳа хизматчилари учун 510 хонадонли 4 ва 5 қаватли 17 та уй бунёд этилди. Айни пайтда 1 минг 170 хонадонга мўлжалланган 32 та кўп қаватли арзонлаштирилган турар-жой биноси қурилиши якунланмоқда. Келгуси йил ҳам бу борадаги ишлар давом эттирилиб, шаҳарда 48 та 4, 5, 7 ва 9 қаватли 1 минг 650 хонадонли уй-жойлар қад ростлайди. Янги йилда хорижлик ҳамкорлар билан 16 қаватли уйлар қурилишини бошлашга ҳозирлик кўраяпмиз.  

Мурожаатда таълим, тиббиёт соҳалари, тарихий обидалар ва маданий мерос объектларида юз бераётган ўзгаришлар, келгусидаги режалар хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди.  

Сессия якунида журналистлар ва блогерлар учун матбуот анжумани ўтказилди.  

Тадбир доирасида шаҳарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва келгуси йил амалга ошириладиган янги лойиҳалар кўргазмаси ташкил этилди.  

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА