Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда туман ҳокимининг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари Фарҳод Муродов журналист ва блогерларга ҳудудни инновацион ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Президентимизнинг 2022 йил 6 июлдаги “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Термиз туманининг ҳам иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, инновацион ҳудудга айлантириш белгиланган. Ҳокимнинг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилган.

Анжуманда қайд этилдики, ўтган даврда туманни инновацион ҳудудга айлантириш юзасидан муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, ёшлар коворкинг маркази, иккита стартапни қўллаб-қувватловчи секция иш бошлади. Инновацион технологияларни жорий этувчи учта корхонада ишлаб чиқариш жараёнида технологик янгиланишлар юз берди. “Ақлли қишлоқ хўжалиги”, “Ақлли таълим”, “Ақлли тиббиёт”, “Ақлли маҳалла” пилот дастурлари асосида қатор лойиҳа рўёбга чиқарилди.
Хусусий секторда иккита инновацион маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, жорий йилнинг биринчи ярмида 8,6 миллион доллар миқдоридаги маблағ ўзлаштирилди. Режа 124 фоизга бажарилди.
Матбуот анжуманида, шунингдек, келгусидаги вазифалар хусусида ҳам фикр алмашилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири