Биргина эътибор, ташаббус ва қўшни халқлар билан дўстона муносабатда бўлиш, уларнинг тақдирига бефарқ бўлмаслик позицияси билан юзлаб шаҳарларни обод қилиш, муносабатларни мустаҳкамлаш, миллионлаб инсонлар учун муҳим бўлган умумтинчликни барқарорлаштириш, халқларнинг фаровон турмуш кечиришини таъминлаш мумкин.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ана шундай умуминсоний мақсадларга йўғрилган ташаббус илгари сурилгани ҳамда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияга Тошкент шаҳри мезбонлик қилгани жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш ўйғотди.
Афғонистон Ислом Республикаси президенти, Покистон Ислом Республикаси бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, халқаро ташкилотлар делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этган юксак даражадаги тадбирда савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақавий боғлиқликни янада мустаҳкамлашга қаратилган имконият ва ташаббуслар муҳокама қилинди. Савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика ва инновациялар, «яшил» технологиялар соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, кооперация бўйича аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, фан ва маданият соҳаларида шерикликни кенгайтириш, икки минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш юзасидан батафсил фикр алмашилди.
“Халқларимизнинг улкан тарихий, илмий, маданий-маърифий мероси ҳамда иқтисодиётларимизнинг ўзаро бир-бирини тўлдириш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, мавжуд интеллектуал салоҳиятни, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни ўзаро мувофиқлаштириш вақти келди”, деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқаро конференциядаги нутқида.
ЮНЕСКО шафелигида Термиз шаҳрида Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий меросига бағишланган халқаро форум ўтказиш таклифи илмий ва маданий-гуманитар алмашинувларни кўпайтириш дўстлик ва ишончни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини таъминлаши таъкидланди. Президентимиз илм-фан, технология ва инновация соҳалардаги ҳамкорликка бежиз алоҳида урғу бермади. Қўшма тадқиқот ва тажриба алмашиш дастурларини рағбатлантириш, олим ва тадқиқотчилар учун енгиллаштирилган виза тартибини жорий қилиш эҳтиёжи нафақат ўзбек олимлари, балки бутун Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси илм-фан вакиллари учун янги илмий тадқиқотлар, манба ва адабиётлар, илмий павильонлар эшигини очиб беради.
Европа комиссияси вице-президенти, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель Ўзбекистон етакчисининг Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлигини мустаҳкамлаш борасидаги глобал ташаббуси муҳим аҳамиятга эга ва ўз вақтида илгари сурилаётганини қайд этди.
Давлатимиз раҳбари Марказий Осиё билан Жанубий Осиёни самарали ва хавфсиз боғлайдиган транспорт-логистика инфратузилмасини барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Зеро, «Термиз – Мозори Шариф – Қобул – Пешовар» темир йўлининг қурилиши бу архитектурада муҳим бўғин бўлади. Икки минтақанинг транзит имкониятини тўла юзага чиқариб, юк ташиш регламентини сезиларли қисқартиради.
Мазкур темир йўл Марказий ва Жанубий Осиёнинг туризм истиқболи уфқлари кенгайишига хизмат қилиши билан ҳам аҳмиятлидир. Туропераорларнинг ягона платформасини шакллантириш, жаҳон сайёҳлик ташкилоти иштирокида минтақада туризмни янада ривожлантириш, ўз навбатида илм-фан, илмий алоқалар, замонавий фан назариялари ва амалиётларининг муштараклигини таьминлашда муҳим ўрин тутади.
Лўнда қилиб айтганда, бундай улуғвор ғоя ва ташаббусларни руёбга чиқаришда тамаддун бешиги, ўтмишда “Мадинат ур-рижол”, дея тан олинган – Термиз шаҳрининг бевосита ҳудудий кесишувда жойлашгани эьтиборга моликдир. Тарихан илму урфон, зиёрату тижорат, маданияту маърифат маскани бўлган бу қадим кент келажакда ҳам мамлакатимиз ҳамда минтақа равнақига муносиб улуш қўшувчи муҳим стратегик платформа вазифасини ўтайверади.
Авазжон МАРАҲИМОВ,
Термиз давлат университети ректори