Мамлакатимизда яширин иқтисодиёт кўламини аниқлаш ва қисқартириш бўйича ислоҳотлар амалга оширилиб, ушбу долзарб муаммога қарши кураш изчил олиб борилмоқда.
Лекин айрим савдо дўконларида сотувчилар харидорга терминал ишламаётгани ёки харид қилинган маҳсулот учун пулни “клик” орқали ўтказишларини, харидорга фискал белгили чек тақдим этилмаётганлиги, яна бошқа ҳолатларда харид учун маблағни бутунлай бошқа шахснинг пластик картасига ўтказиш ва бошқа шу каби қонунбузилиш ҳолатлари учраб тургани ҳам ҳақиқат.
Ўтган 2023 йил давомида Жиззах вилоятида “Солиқ ҳамкор” тизими орқали солиқ ҳуқуқбузарлиги ҳақида 4 минг 998 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шулардан 4 минг 753 таси харид чеки бермаслик, 37 таси тўловни пластик карта орқали қабул қилмаслик ҳамда 208 та бошқа турдаги ҳуқуқбузарликлар кузатилган.
– Ушбу мурожаатлар асосида 1 минг 781 маротаба сайёр солиқ текшируви ўтказилиб, 100 фоиз ҳолатда ҳуқуқбузарлик тасдиқланган, – дейди вилоят солиқ бошқарма бошлиғи ўринбосари Жасур Достонов. – Ўтказилган сайёр солиқ текширувлари материаллари кўриб чиқилган 1 минг 781 та тадбиркорлик субъектига 11 миллиард 857 миллион 500 минг сўм миқдорида молиявий жарималар қўлланилиб, уларнинг 1 минг 581 тасидан 7 миллиард 905 миллион сўм жарима ундирилган. Мурожаатларнинг 2 минг 950 таси эса такрорий бўлганлиги ёки шикоят келиб тушган тадбиркорлик субъектларида текширув давом этаётганлиги сабабли қайтарилган.
Шу каби қонунбузилиш ҳолатларига айни пайтда ҳам йўл қўйилаётган-қўйилмаётганини аниқлаш мақсадида Жиззах вилояти солиқ бошқармаси ходимлари билан биргаликда Жиззах шаҳрида жойлашган “Эски шаҳар буюм бозори” масъулияти чекланган жамиятга қарашли савдо нуқтасида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ушбу “Эски шаҳар буюм бозори” МЧЖ ҳудудида жами 465 та савдо дўкони мавжудлиги аниқланиб, тадбиркорларга онлайн-назорат касса машинасидан фойдаланиб мижозларга ҚР-код ва фискал белгили чек тақдим этилиши тушунтирилди. Сабаби охирги пайтлар мазкур тизим самарали ташкил қилинган бўлса ҳам кўп ҳолларда бунга риоя қилинмаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Жиззах шаҳар солиқ инспексияси ходимлари томонидан тақдим этилган тезкор маълумотга кўра бир кунда ўртача 224 миллион сўм савдо тушумлари назорат-касса машинаси хотирасига кирим қилинади.
Маълумотларга кўра, мазкур савдо дўконларида жами 465 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Уларнинг 47 нафарини юридик шахслар ва 418 нафарини якка тартибдаги тадбиркор ташкил этади. Айни пайтда 465 та савдо дўконида 460 нафар фуқаро қонуний фаолият кўрсатаётган бўлса, хатлов давомида жами 5 нафар фуқаро норасмий ишлаётгани аниқланган.
Мазкур ҳамкорликдаги ўрганиш давомида тадбиркорлар (мақоладаги персонажларнинг исми-шарифи ўзгартирилди) Санжар Холматов, Дилфўза Номатова, Илҳом Нуралиев савдо дўконида товарлар учун тўловларни бир жисмоний шахснинг картасидан бошқа жисмоний шахснинг картасига ўтказиш (P2P) орқали ҳисоб-китоб қилаётгани аниқланди.
Бундан ташқари, Орзимурод Ҳайдаров, Султон Назаров каби тадбиркорлар мижозларга ОР-код ва фискал белгили чек тақдим этмаётганликлари маълум бўлди. Профилактик тадбир давомида уларга савдо қоидалари ва чек бермаслик қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши тушунтирилди.
Онлайн-НКТ ўрнатмасдан фаолият юритаётган тадбиркорлар қурилмалар билан таъминланиши чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, солиқлардан қочиш мақсадида давлат рўйхатидан ўтмасдан ишлаб келаётган тадбиркорлар фаолияти бозорда ташкил этилган “Тадбиркорларга хизмат кўрсатиш маркази”да қонунийлаштирилди.
Вилоят солиқ бошқармаси билан ҳамкорликдаги ўрганишлар давом этмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари