Хабарингиз бор, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун, 21 март куни 2026 йилги Жаҳон чемпионати ва 2027 йилги Осиё кубоги қўшма саралаш босқичи доирасида Гонконг терма жамоасига қарши сафарда ўйин ўтказади.
Тошкент вақти билан соат 17:00 да “Монг Кок” стадионида старт оладиган мазкур баҳсда футболчиларимиз тўлиқ оқ либосда, дарвозабонимиз эса яшил либосда ҳаракат қилади. Гонконг эса тўлиқ қизил рангли либосда майдонга тушади.
Мазкур учрашувдан аввал ҳар икки жамоа ўртасидаги ўйинлар тарихига эътибор қаратиб ўтамиз.
Бугунги баҳсга қадар Ўзбекистон ва Гонконг терма жамоалари жами 7 марта ўзаро тўқнаш келган. Ушбу баҳсларда миллий жамоамиз 4 ғалаба ва 3 дуранг натижа қайд этган.
Тўплар нисбати ҳам футболчиларимиз фойдасига 10-3. Бу жамоалар илк маротаба 1994 йили Хиросимадаги Осиё ўйинларида майдонга тушган ва унда Ўзбекистон 1:0 ҳисобида зафар қучган бўлса, сўнги маротаба 2013 йилда Осиё кубоги саралаш босқичида 0:2 ҳисобида термамиз ғолиб бўлган.
Ушбу жамоалар ўртасида энг йирик ҳисоб, 2003 йилда қайд этилган."Пахтакор" стадионида ўтган ўша ўйин 4:1 ҳисобида якунланган. ФИФА рейтингида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 66 поғонада бормоқда. Гонконг эса мазкур жадвалнинг 154 ўрнидан жой олган.
Ўз ўзидан кўриниб турибдики, статистика терма жамоамизнинг устунлигини кўрсатмоқда. Аммо ўтган 11 йил давомида Гонконг терма жамоаси ўсишга эришди.
Бугунги ўйинда Ўзбекистон сафарда ўйин ўтказишига қарамасдан фаворит ҳисобланади ва мухлисларимиз учун кутилган ғалабани қўлга киритади.
Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси ушбу саралашда «E» гуруҳида 4 очко жамғарган ҳолда иккинчи ўринда бормоқда. Гуруҳ пешқадами Эронда ҳам 4 очко мавжуд. Шунингдек, Туркманистон ва Гонконг термалари 1 очкодан тўплаган ҳолда 3-4 поғонада бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, бугунги баҳсдан сўнг 26 март куни Ўзбекистон – Гонконг терма жамоалари жавоб ўйинини Тошкентда ўтказади.
Дарвоқе, “E” гуруҳида бугун Эрон ва Туркманистон терма жамоалари ўртасида ҳам ўйин бўлиб ўтади. Ушбу баҳс Тошкент вақти билан 21:00да бошланиши белгиланган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА