Терим пуллари ҳар беш кунда, зарурат бўлганда ҳар куни тўланади
Бу ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олишни уюшқоқлик билан ташкил этиш» юзасидан ўтказган матбуот анжуманида қайд этилди.
Юртимизда 95 та пахта-тўқимачилик кластери ҳамда 12 та пахтачилик кооперацияси фаолият юритмоқда. Улар 1 миллион 34 минг гектар майдондан 3 миллион 101 минг тоннадан ортиқ пахта йиғиб олишни режалаштирган.
Бу ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олишни уюшқоқлик билан ташкил этиш» юзасидан ўтказган матбуот анжуманида қайд этилди.
– Терим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш учун жойларда теримчилар учун зарур шарт-шароитлар, жумладан, ётоқ учун 3,3 минг дона шийпон ва 394 дона палатка тайёрланди, – дейди пахтачилик бошқармаси бошлиғи Акмал Шамсиев. – Шунингдек, 82 минг дона брезент, 3 миллион 281 минг дона этак, 223 минг 290 дона қанор каби мавсумида керак бўладиган буюмлар захираси яратилган. Теримчилар уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланади. Терим пуллари ҳар беш кунда, зарурат бўлганда ҳар куни тўлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Тадбирда теримчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида қўлда терилган 1 килограмм пахта учун биринчи теримда 1000 сўмдан, иккинчи теримда 1400 сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўланади. Эсингизда бўлса, 2019 йилда кўлда терилган пахтанинг 1 кг. учун 800 сўмдан 1200 сўмгача ҳақ тўлаб берилган эди.
Пахта териш машиналари ёрдамида териб олинган ҳар бир тонна пахта хомашёси учун 920 000 сўмдан кам бўлмаган миқдорда хизмат ҳақи тўлаш тавсия этилмоқда.
Қайд этиш керакки, пахта йиғим-теримига 18 ёшдан юқори бўлган муайян меҳнат билан банд бўлмаган, ишга лаёқатли теримчилар шартнома асосида жалб этилади. Бунинг учун ҳудудларда бандликка кўмаклашиш марказлари аҳолининг 18 ёшдан катта, муайян меҳнат билан банд бўлмаган, ишга лаёқатли ва теримда кўнгилли иштирок этиш истагини билдирган теримчиларни фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида теримга жалб қилиниб, рўйхат шакллантиради.
Жойлардан олинган таклифларга кўра, жорий йилда пахта йиғим-терим мавсумида 24 мингта терим отряди ташкил этилади. 2 миллион 203 минг нафар теримчининг 763 минг нафари фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерлари ишчилари, 1 миллион 175 минг нафари эса вақтинча ишсиз бўлган кўнгилли теримчилардан иборат бўлади.
Анжуманда вилоят ва туманлар бандликка кўмаклашиш марказлари терим мавсумини ташкил қилиш, иш билан банд бўлмаган аҳолини теримга жалб этиш ва терим отрядларини шакллантириш борасидаги қатор ишлар ҳақида маълумот берилди.