French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Терим машиналарининг самараси юқори бўлмоқда
12:10 / 2025-09-24

Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги “Sardoba Universal Cluster” МЧЖ жорий йил пахтачиликда замонавий технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу мақсадда корхона Хитойнинг етакчи ишлаб чиқарувчи компанияларидан 100 дона “FM FORLD” маркали замонавий пахта терим комбайнларини харид қилди. Айни вақтда мазкур машиналар кластерга қарашли майдонларда ҳосил йиғим-теримида самарали фаолият юритмоқда.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, янги техникалар қўл меҳнатига бўлган эҳтиёжни кескин камайтиради, теримдаги йўқотишларни эса минимал даражага туширади. Шунингдек, комбайнлар турли шароитларда барқарор ишлай олиши, ҳосилни тез ва сифатли йиғиб олиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.

– Замонавий машиналарнинг жорий этилиши ҳосилни ўз вақтида йиғиб олиш, давлатга топшириладиган хомашё ҳажмини ошириш ва меҳнат унумдорлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда, – дейди “Sardoba Universal Cluster” раҳбари Қаҳрамон Эргашев. – Шу билан бирга, улар харажатларни тежаш ва фермерлар меҳнатини енгиллаштиришга ҳам катта ёрдам бермоқда.

Айни пайтда кластер майдонларида терим ишлари тўлиқ механизациялаштирилган ҳолда олиб борилмоқда. Бу эса самарадорликни ошириш, харажатларни қисқартириш ҳамда пахтачиликни барқарор ривожлантиришда қўл келмоқда.

Маълумки, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш ва замонавий техникалардан самарали фойдаланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. “Sardoba Universal Cluster”нинг бу ташаббуси эса мазкур ислоҳотларнинг амалдаги ёрқин ифодаси бўлиб, ҳудудда пахтачиликнинг барқарор ривожланишига катта ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири