Жиззах вилоятида ички ишлар органлари ходимлари ўртасида анъанавий “Энг яхши терговчи” кўрик-танловининг ҳудудий босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур кўрик-танловда иштирокчилар фақат касбий билим ва амалий кўникмалар билангина эмас, балки жисмоний чидам ва руҳий барқарорлик юзасидан ҳам ҳам синовдан ўтишди. Терговчилар 100 ва 3000 метрга югуриш, тўсинда тортилиш, жанговар қуролларни қисмларга ажратиш ва қайта йиғиш, нишонга олиш ҳамда ўзини-ўзи ҳимоя қилиш бўйича маҳоратларини намоён этишди.

Шу билан бирга, ҳуқуқ-тартибот посбонларининг сиёсий ва ҳуқуқий билими, шахсий-психологик хусусиятлари, касбий савияси махсус тест ва мулоқотлар орқали баҳоланди. Бу жараён, аввало, терговчи шахсидаги масъулият, фидойилик ва мутахассислик мезонларини илғаб олишга хизмат қилди.


Кўрик-танлов натижаларига кўра, Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси терговчиси, капитан Бекзод Ҳайитбоев фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринга Арнасой тумани ИИБ тергов гуруҳи катта терговчиси, капитан Муслимбек Анваров лойиқ топилган бўлса, учинчи ўринни эса шу туман ИИБ суриштирувчиси, лейтенант Оловуддин Маликов эгаллади.

Ушбу танлов фақат ғолиб терговчини аниқлаш эмас, балки касбга бўлган садоқат, интизом ва маънавий етукликни намоён этиш борасида муҳим мезонга айланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари