Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Терговчи фақат қонунни билиши эмас, адолатни ҳис қила олиши зарур
10:33 / 2025-12-22

Муносабат

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 16 декабрь куни  Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясига ташрифи таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасига давлат даражасидаги юксак эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлди. 

Ташриф давомида билдирилган фикрлар, аниқ вазифа ҳамда топшириқлар Академия жамоаси учун дастуриламал сифатида қабул қилиниб, уларнинг тўлиқ ва сўзсиз амалга оширилиши қатъий таъминланади.

Академияда тайёрланаётган кадрлар фаолиятининг асосий мақсади – адолатни қарор топтириш, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш эканлиги ушбу учрашувда яна бир бор алоҳида таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг илм инсоннинг энг катта бойлиги экани,  бутун умри давомида хизмат қилиши ва ҳеч ким томонидан тортиб олинмаслиги ҳақидаги фикрлари ҳар бир тингловчи ва ходим учун ҳаётий шиор сифатида қабул қилинди.

Академия жамоаси тергов ва суриштирув соҳасида замонавий билим, таҳлилий фикрлашга ҳамда илғор технологияларга таянадиган янги авлод кадрларини тайёрлашни ўз олдига устувор вазифа қилиб белгилаб олган. 

Терговчи фақат қонунни билувчи мутахассис эмас, балки инсон тақдирига бефарқ бўлмаган, адолатни ҳис қила оладиган ва ўзини тергов қилинаётган шахс ўрнига қўя оладиган юксак инсоний фазилатларга эга бўлиши зарурлиги алоҳида таъкидланди. Мазкур ёндашув Академияда кадрлар тайёрлаш сиёсатида устувор йўналиш сифатида белгилаб олиниб, терговчиларни тайёрлаш ва тарбиялаш жараёнида тўлиқ амалга оширилади.

Академия жамоаси терговчи касби, аввало, инсон тақдири билан боғлиқ эканини чуқур англаган ҳолда, таълим жараёнида фақат ҳуқуқий билимлар билан чекланиб қолмасдан, ахлоқий баркамоллик, касбий виждон ва таҳлилий фикрлашни шакллантиришни ўз олдига аниқ вазифа қилиб қўйган.

Шу билан бирга, тергов ва суриштирув соҳасида рақамлаштириш, сунъий интеллект ҳамда замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш масалалари Академия фаолиятининг ажралмас қисми сифатида қаралади. Бунда ходимлар ва тингловчиларнинг соҳавий, техник ва рақамли компетенцияларини мунтазам ошириб бориш, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, шунингдек, фанлараро ёндашувни янада кучайтириш устувор аҳамият касб этади.

Академия жамоаси халқимиз ва давлатимизга садоқатли, ўз тарихи ва аждодлар меросини чуқур англаган, шу билан бирга глобал дунёқарашга эга бўлган профессионал кадрларни тайёрлаш бўйича зиммасига юклатилган масъулиятни тўлиқ англайди.

Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ишончни оқлаш, белгиланган вазифаларни сидқидилдан бажариш ҳамда терговчиларнинг янги авлодини тарбиялаш йўлида барча куч ва салоҳият сафарбар этилиб, уларнинг ижроси қатъий таъминланади.

Санобар МАНСУРОВА, 

Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза 

қилиш академияси 

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи.

ЎзА