Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 июндаги Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги нутқида “Хабеас корпус” институтини ривожлантириш, шахс суднинг қарорига қадар кўпи билан қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, агар суд томонидан шахсни ҳибсга олиш ёки унга нисбатан бошқа турдаги озодликни чеклаш ҳақида қарор белгиланган муддатда қабул қилинмаса, бундай шахсни дарҳол озод қилиш кераклиги, бу ҳақдаги муҳим нормани ҳам Асосий қонунимизда акс эттиришимиз зарурлиги, бундай қоидалар инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият деган эзгу тамойилга ҳар томонлама мос келишини таъкидлаб ўтган эди.
Шу муносабат билан жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини янада кучайтириш, суд-тергов жараёнларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб туриш, шахсни асоссиз ҳибсга олиниши ҳолатларини бартараф этиш, шу орқали инсоннинг озодлигини чеклаш билан боғлиқ бўлган хатоларга йўл қуйилмаслик ҳамда халқимизнинг судларга бўлган қатъий ишончини ошириш зарурияти туфайли янгиланган Конституцияда “Хабеас корпус” институти мустаҳкамланди.
Ўхшаш нормалар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 3,5-моддалари, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг 7, 9-моддалари, Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенциясининг 5-моддасида акс этган.
Миллий қонунчилигимизни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш, демократик тамойиллар ва халқаро ҳуқуқий талабларга тўлиқ жавоб берадиган қонун нормаларини қабул қилишда “Хабеас корпус” институтини кенгайтириш, жумладан, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида суд назоратини кучайтиришни ўз ичига олади.
Янгиланган Конституциянинг 27-моддасида шахсни суд қарорисиз 48 соатдан кўп муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслигига оид қоида биринчи навбатда шахсни асоссиз ва аниқ муддатсиз ҳибсга олинишига йўл қўймаслик талабини қатъий белгилайди. Шунингдек, ушбу кафолат орқали озодлиги чекланган шахсга реал 48 соат ичида яқин қариндошларига, адвокатига телефон қилиб, қаерда сақланаётганини, ҳолати қандай эканини билдириш имкониятини таъминлайди.
Мамлакатимизда 2005 йилда қабул қилинган қонун асосида 2008 йил 1 январдан бошлаб, жиноят содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судлар ваколатига ўтказилган. Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2012 йилда қабул қилинган қонунга асосан лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини қўллашнинг суд тартиби амалиётга киритилган ва бугунги кунга қадар давом эттирилмоқда.
Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг 9-моддасида “Ҳар бир инсон эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким ўзбошимчалик билан ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас. Ҳеч ким қонунда белгиланганидан бошқача асос ва тартибда озодликдан маҳрум этилиши мумкин эмас”, деб белгилаб қўйилган.
Шахсни ушлаб туриш чоғида унга ҳуқуқлари ва ушлаб туриш асосларининг тушунтирилиши (“Миранда қоидаси”) суриштирув, тергов ва суд жараёнларида қонун бузилишига йўл қўймасликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Шу нуқтаи назардан, янгиланган Конституциянинг 27-моддасида “Шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги” деган норманинг белгиланиши шахснинг ҳуқуқлари у яхши тушунадиган тилда тушунтирилиши ва бу тил айнан унинг она тили бўлиши шарт бўлмай, шахс одатда мулоқот қиладиган ва яхши тушунадиган тил бўлиши талаб этилишига, ушланган шахсга унинг ҳуқуқларини реал таъминланишини кафолатлашга ва унга нисбатан тергов органлари томонидан алдов, нотўғри маълумот бериш ва бошқа ҳар қандай қонунга хилоф усуллар қўлланилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Юқорида киритилган шахс ҳуқуқ ва эркинликларини судга қадар иш юритиш тартибида ва суд муҳокамасида таъминланиши кафолати оддий фуқароларга, давлат ва жамиятга нима беради?
Биринчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан шахснинг озодлиги ва эркинлигини чеклашга қаратилган ҳар қандай ҳаракатлар қонунга асосланган ҳолда бўлиши ва бунга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилишини таъминлайди. Бунинг Конституцияда белгиланиши, аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўзбошимчалик билан шахснинг озодлигини чеклашга қаратилган ҳаракатларни қўллашдан тийилишга, жиноят ишлари доирасида суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларини амалга оширишда исботланган далилларга асосланишга, шубҳа ва гумонларга берилмасдан қарор қабул қилишга ундайди.
Иккинчидан, шахснинг асоссиз ушланиши, адвокат иштирокисиз ёки ўзига қарши кўрсатма беришга мажбур қилинишининг олдини олади. Шу билан биргаликда, “Хабеас корпус” институтининг ривожланишига олиб келади. Суд органларининг масъулияти ошиб, исботланган ва етарли асослар мавжуд бўлганда охирги чора сифатида шахсни қамоққа олиш тарзидаги чораларнинг қўлланилишига асос бўлади.
Айтишимиз жоизки, мазкур нормалар “шахс – жамият – давлат” тамойили асосида мамлакатимиз ривожи ва қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади.
Фарҳод Тоҳиров,
Ўзбекистон Республикаси
Жамоат хавфсизлиги университети
жиноий-ҳуқуқий фанлар кафедраси профессори
ЎзА