French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тергов судьясига 11 турдаги санкция ва мажбурлов чораларини қўллаш ваколати берилади
11:40 / 2024-07-23

2024 йил 10 июнда Президентимизнинг «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Олий суд томонидан мазкур фармон мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича илмий-амалий семинар ташкил этилди.

Жиноят ишлари бўйича судьялар учун видеоконференцалоқа воситасида ўтказилган тадбирда Адлия ва Ички ишлар вазирликлари, Бош прокуратура, Адвокатлар палатаси ҳамда Тошкент давлат юридик университети вакиллари иштирок этди.

Фармон «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлашга қаратилган.

Шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишига эришиш мақсадида Президент фармони билан 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий этилиши ҳамда жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилиши белгиланди.

Тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилиб, улар томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинмоқда. Шунингдек, тергов судьясига 11 турдаги санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилмоқда.

Тадбирда маълум қилинганидек, 2023 йил давомида жиноят ишлари бўйича судларга 22 минг 254 та қамоққа олиш ва 624 та уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома келиб тушган. Шундан 22 минг 136 та қамоққа олиш ва 622 та уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома кўриб чиқилган. 577 та қамоққа олиш ва 6 та уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимоснома рад қилинган.  

Жорий йилнинг биринчи ярмида 12 минг 293 та қамоққа олиш ва 335 та уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома келиб тушган бўлиб, шундан 12 минг 247 та қамоққа олиш ва 332 та уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома кўриб чиқилган. 256 та қамоққа олиш ва 5 та уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимоснома рад қилинган.  

Фикр-мулоҳазалар ҳамда савол-жавобларга бой тарзда ўтган семинар давомида бугунги кунда бу турдаги илтимосномалар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилаётганидан келиб чиқиб, бу борада амалиётда юзага келаётган муаммоли жиҳатларга тўхталиб ўтилди ҳамда уларнинг ечими юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА