Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасида тергов сифатини янада яхшилаш, шунингдек, “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Олий суд Пленуми қарорини амалиётда қўллаш масалаларига бағишланган ўқув семинари ўтказилди.
Прокуратура ва ички ишлар органлари терговчилари иштирокида видеоконференц-алоқа шаклида ташкил этилган тадбирда вилоят суди раиси ўринбосари Бобохон Ваҳобов ҳамда вилоят суди судьяси Бегзод Ҳайдаров сўзга чиқиб, бугунги кунда содир этилаётган фирибгарлик жиноятининг янги кўринишлари кун сайин ортиб бораётгани, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 23 июндаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори мазмуни ва ўтган чоракларда тергов ва суриштирув органи томонидан йўл қўйилган айрим камчиликлар бўйича мулоҳазаларини баён этди.
[gallery-13763]
Фирибгарлик билан боғлиқ жиноят ишларини судларда кўришда шахснинг ҳаракатларига қонуний ва асосли баҳо бериш, қилмишни тўғри квалификация қилиш, жиноят таркиби ҳамда фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар ўртасидаги фарқни аниқлаш бўйича ягона суд амалиётини йўлга қўйишда ходимларнинг билимини мустаҳкамлаш тергов сифатини янада оширишда муҳимдир. Шу маънода айни мулоқот иштирокчилар учун ҳар жиҳатдан фойдали бўлди.
Семинарда вилоят суди раиси Акром Утаев кун тартибидаги мавзу юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА