Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Тергов полигони” да ходимларнинг билим ва касб маҳорати оширилади
19:14 / 2023-04-01

Навоий вилояти прокуратурасида Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда ОАВ вакиллари учун прокуратура органлари томонидан 2022 йилда амалга оширилган ишлар ва жорий йилда белгиланган устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

2022 йилда вилоятда прокуратура органлари томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Таъкидланганидек, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, эҳтиёжманд оилалар, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар кўрилди.  

— Ижтимоий соҳанинг муҳим йўналишларида, шу жумладан, аҳоли соғлиғини сақлашга оид қонунчилик ижроси юзасидан назорат тадбирлари тизимли равишда амалга оширилмоқда, — дейди вилоят прокурори биринчи ўринбосари Дониёр Раҳматуллаев. – Соғлиқни сақлаш соҳасида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича 37 та тақдимнома киритилди, 726 та ноқонуний ҳужжатлар қонунга мувофиқлаштирилди, 236 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 2 та жиноят иши қўзғатилди ҳамда 320 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. 2022 йил давомида корхона ва ташкилотлар ишчиларига 1,5 миллиард сўм иш ҳақи, 51 нафар фуқарога 32 миллион сўм пенсия ва нафақа пуллари ундириб берилди. 17 та ҳолатда 91 миллион сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар талон-торож қилинганлиги аниқланиб, айбдор шахслар жавобгарликка тортилди.

Шунингдек, назорат тадбирлари давомида судларга фуқаролар манфаатини кўзлаб 3,1 миллиард сўмни ундириш бўйича 315 та даъво аризаси киритилди. 262 та корхона, муассаса ва ташкилотлар томонидан “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий аппарат комплексига 826 та ҳақиқатда мавжуд бўлмаган бўш иш ўринлари киритилганлиги аниқланиб, бартараф этилди. Корхона, муассаса ва ташкилотларда мавжуд бўш иш ўринларига 103 нафар ишсиз фуқаролар ишга жойлаштирилди.

Вояга етмаганларнинг соғлиғини сақлаш ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш йўналишида ҳам прокуратура органлари томонидан қатор чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, ўрганишларда 67 нафар вояга етмаганлар назоратсиз ва қаровсиз қолганлиги аниқланиб, уларга васий ва ҳомий тайинланди. Қаровсиз болаларни васийлик ва ҳомийликка олган 16 та оилага моддий ёрдам берилди.

Текширишларда 6 минг 827 нафар болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтмаганлиги аниқланиб, тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди, касаллик аниқланган 368 нафар болалар соғломлаштирилди.

Ошхонаси мавжуд бўлмаган 44 та умумтаълим мактабларида тадбиркорлар билан ижара шартномалари тузилиб, ошхона ва буфетлар ташкил қилинди. Ичимлик суви ўтказилмаган 6 та мактабга 40 миллион  сўм ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 3,5 км. сув қувури тортилди ва марказлашган ичимлик сувига уланди, 2 та мактабга юқори сиғимли сув идишлари ўрнатилди.

[gallery-11240]

Матбуот анжуманида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг муддатида ва сифатли ижро этилиши, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш, қишлоқ хўжалигида қонунийликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил этилди.  

— 2022 йилда қонунлар ижроси устидан назорат фаолияти давомида кўрилган барча чоралар натижасида жами 11 минг 821 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тикланди, — дейди Д.Раҳматуллаев. — Шу билан бирга 2991 та қонунга зид ҳуқуқий ҳужжатлар қонунга мувофиқлаштирилди, аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш юзасидан 1044 та тақдимнома киритилди, судларга 17,2 миллиард сўм зарарни ундириш ҳақида 740 та ариза топширилди. 584 нафар шахс расман огоҳлантирилди, 2598 нафари интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 170 та жиноят иши қўзғатилди. Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида жами 72,8 миллиард сўм миқдорида зарарлар ундирилиши таъминланди.

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, тезкор-қидирув ва терговни мувофиқлаштириш соҳасида асосий эътибор жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг туб сабабларини аниқлаб, уларнинг содир этилишига шароит яратган омилларни бартараф этишга, жиноятчилик динамикасига оид кўрсаткичлар ҳаққонийлигини таъминлашга қаратилди.

Кўрилган чоралар натижасида вилоятдаги мавжуд 330 та маҳалланинг 134 тасида жиноят қайд этилмади, 88 тасида жиноятлар камайди. Ўтган йилда 1591 та жиноят, 442 та фуқаролик, 152 та иқтисодий ҳамда 320 та маъмурий ишларнинг судларда кўрилишида прокурор иштироки таъминланди. Прокурорлар протести асосида жиноят ишлари бўйича судларнинг 119 нафар шахсга нисбатан қарорлари, шунингдек, фуқаролик судларининг 6 та, иқтисодий судларнинг 1 та ва маъмурий судларнинг 5 та қарорлари қонунга мувофиқлаштирилди.

Матбуот анжуманида Мажбурий ижро бюроси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Навоий вилояти бошқармалари масъуллари томонидан ҳам 2022 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Тадбир сўнгида ОАВ вакиллари вилоят прокуратурасида ташкил этилган “Тергов полигони”ни бориб кўришди. Суриштирув ва дастлабки тергов сифатини яхшилаш, терговчиларнинг билими ва касб-маҳоратини ошириш мақсадида вилоят прокуратураси маъмурий биносида “Тергов полигони” ташкил қилинган.  

— “Тергов полигони” да 5 та амалий машғулот хоналари  бўлиб, уларда турли шароитларда содир этилган жиноятлар бўйича воқеа жойлари (одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси, қотиллик, номаълум мурданинг топилиши, ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш) яратилган ва барча хоналарга кузатув камералари ўрнатилган,  – дейди вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Зокиржон Барноев. – Ушбу хоналарда яратилган воқеа жойларининг ҳолатини исталган вақтда турли вазиятларга ўзгартириш имконияти бор. “Тергов полигони” нинг яна бир хонасига замонавий компьютер ва 2 дона виртуал реаллик (VR) кўзойнаклари жойлаштирилган бўлиб, унда турли виртуал ҳодисаларни ўз ичига олган дастур ўрнатилган. Дастурнинг афзаллиги шундаки, терговчиларга виртуал реалликдаги воқеа жойини кўздан кечириш ҳақида онлайн топшириқ берилади ва процессуал ҳаракатлар амалга оширилади.  

Шунингдек, дарс машғулотларини ўтказиш, амалий машғулотлар натижаларини кузатиб туриш ва баҳолаб бориш учун 15 ўринли алоҳида ўқув хонаси ташкил қилинган.

Абдували Бўриев,

Сирож Аслонов (сурат), ЎзА