Янгиланган Конституция лойиҳасидаги «Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар» деб номланган VII бобда инсон шаъни ва қадр-қиммати масалаларига кенг ўрин берилган.
Конституциянинг мазкур бўлими эски таҳрирда 5 моддада, янги таҳрири эса 10 моддада талқин этилганлигининг ўзи ҳам шахс ҳуқуқ ва эркинликлари масалаларига лойиҳада катта эътибор берилганидан далолат беради.
Янги Конституциянинг 26-моддаси иккинчи қисмида ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги таъкидланган.
Ҳозирги кунда ҳам жазони ижро этиш муассасаларида, тергов изоляторларида, махсус ҳибсхоналарда қийноққа солиш ҳолатлари учраб туради. Масалан, 2017 йилда 7 та, 2018 йилда 10 та, 2019 йилда 16 та қийноққа солиш билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳибсхоналарида маҳкумнинг ҳуқуқлари бузилиши, яъни маҳкумда из қолдирмайдиган усулда тан жароҳатлари етказиш, унга ўз вақтида адвокатдан фойдаланиш ҳуқуқи тақдим этмаслик, кўрсатув олиш вақтида кузатув мосламаларини ўчириб қўйиш ҳолатлари мавжуд.
Инсонни камситиш, обрўсизлантириш, ҳақорат қилиш, таҳқирлаш қонунга зид хатти-ҳаракат ҳисобланади ва бундай қилмиш учун қонун бўйича тегишли жавобгарликлар белгиланган.
Хусусан, Жиноят кодексининг 235-моддасида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, гувоҳ ва бошқа процесс иштирокчиларига нисбатан бирор бир ахборот олиш ёхуд жиноят содир этганлигига иқрорлик кўрсатуви олиш мақсадида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликдан чеклаш билан жазоланади. Жамият манфаатларини кўзлаган ҳолда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш қонунда белгиланган тартиб ва асосларга мувофиқ амалга оширилгандагина қонуний ҳисобланади.
Яъни барча тергов ва суд жараёнлари Конституция, қонунлар ва Жиноят-процессуал кодексида кўрсатиб ўтилган тартиб асосида олиб борилиши шарт. Айнан Жиноят-процессуал кодексининг 17-моддасида ҳам ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган, соғлиғини хавф остига қўядиган, асоссиз равишда унга жисмоний ва маънавий азоб-уқубат етказадиган ҳаракатлар қилиш ёки қарорлар чиқариш тақиқланиши белгиланган.
Давлатимиз томонидан тергов давомида қийноққа солинишнинг олдини олиш бўйича кўпгина халқаро нормалар – 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт», 1984 йил 10 декабрда қабул қилинган «Қийноқ ва бошқа шафқатсиз ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазога қарши Конвенция» ва бошқалар ратификация қилиниб, миллий қонунчилигимизга имплементация қилинган.
Асосий қомусимизда инсоннинг қадр қимматини камситишга йўл қўйилмаслигининг белгиланиши инсонга ва унинг ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган катта эътибордир.
Агар бундай ҳолатлар кузатилса ёхуд ушлаб турилган шахслар ва маҳкумларнинг ҳуқуқлари бошқача кўринишда поймол этилса, прокуратура органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят ишларининг тергови прокуратура томонидан амалга оширилиб, иш албатта судга оширилиши ва адолат қарор топиши бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Гулчеҳра Тўлаганова,
ТДЮУ профессори
ЎзА