Қарши шаҳридаги 5-сон тергов ҳибсхонасида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан аёл маҳбуслар учун байрамона тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилояти бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда муассасада сақланаётган хотин-қизларга эътибор қаратилди. Уларга совғалар улашилиб, жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.

– Аёл миллат келажаги, ҳаёт давомчиси. У қаерда бўлмасин, қадр-қиммати ва амалдаги ҳуқуқларидан кенг фойдаланиш имкониятига эга, – дейди Омбудсманнинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили Лола Саодатова.


Тадбир давомида муассасада сақланаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, таълим олиш имкониятлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, уларнинг ҳаётда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш мақсадида мотивацион ва психологик машғулотлар ташкил этилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири