Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга амалий ташрифи доирасида қатор учрашув ва музокаралар бўлиб ўтди. Тадбирларда иштирок этган америкалик экспертлар икки томонлама ҳамкорликнинг турли йўналишларини аниқ мисоллар ёрдамида шарҳлаб беряпти.
Жумладан, “Georgetown” университети илм-фан, технология ва халқаро муносабатлар соҳаси бўйича профессори Тереза Сабонис-Хэльф С5+1 форматида Ўзбекистоннинг ўрни ҳамда АҚШ билан “яшил” энергетика йўналишидаги шериклик ҳақида ўз фикрларини билдирди.
– Мен Марказий Осиёни 30 йилдан бери ўрганиб келаман ва бу даражадаги учрашувлар ўтказилаётганини кўриш жуда қувонарли ҳолат. Шунингдек, С5 форматида минтақа мамлакатлари биргаликда ишлаётгани, савдо ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича жамоавий фикр юритилаётгани ҳам муҳим.
Маълумки, денгизга чиқиш имконияти чекланган давлатлар учун савдо муносабатини йўлга қўйишда ўзаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш жуда муҳим. Айни вақт Ўзбекистондаги ривожланиш жараёни, хусусан уран соҳаси ва атом электр станциялари қуриш лойиҳаларига ҳам алоҳида қизиқиш билан қараяпман.
Янги авлод энергия тизими, таъминот муаммоси ҳақида ўйлар эканмиз, Ўзбекистоннинг бундай муҳим масалаларни ҳал этишга қаратилган режалари ва фаол ҳаракатлари кишини ҳақиқатан илҳомлантиради. Зеро, республикада “яшил” энергетика соҳасида кўплаб янги лойиҳалар амалга ошириляпти.
Энергияманбалари билан савдо қилиб, Ўзбекистон кўп йил давомида табиий газни бошқа давлатларга экспорт қилиб келган. Ҳозир эса аҳоли сони ўсиши ва турмуш даражаси кўтарилиши натижасида мамлакатнинг ички эҳтиёжи ҳам ортиб боряпти. Шу боис, “яшил” технологияларни ривожлантириш, айниқса, денгизга чиқиш имконияти йўқ давлатлар учун долзарб. Менимча, бу Ўзбекистон келажаги учун жуда муҳим йўналиш.
Шунингдек, энергетика соҳасида келгусида “ўрта йўлак” орқали савдо кўлами, айниқса, уран соҳасида янада кенгайишига ишонаман.
Ҳозир Франция Ўзбекистонда янги уран ишланмаларини ривожлантиришга сармоя киритмоқда. Шунингдек, Европа ва АҚШ томонидан айни йўналишдаги ҳамкорликка қизиқиш жиддий.
Марказий Осиё ва АҚШ саммити ҳақида гапирадиган бўлсам, бу ташаббус ниҳоят олий даражага кўтарилгани қувонарли. Бу барча томонлар учун янги ва муҳим воқеа.
Умуман, Марказий Осиёнинг беш давлати умумий долзарб масалалар бўйича яхши ташкил этилган ягона платформа доирасида ишлаётганидан хурсандман.
Беҳруз Худойбердиев тайёрлади. ЎзА