Грециянинг Афина шаҳрида Европа Иттифоқи Erasmus+“Trigger” нинг “Марказий Осиё олий таълим муассасалари битирувчиларида тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришда инновацион ёндашувлар” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган ўқув-семинарда Термиз давлат университети делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
“Битирувчиларни иш билан таъминлашни яхшилаш ҳамда олий таълим муассасалари ва иш берувчиларнинг ҳамкорлигини яратиш” мавзуига бағишланган машғулотлар 18 июнда бошланган. Лойиҳа 5 йилга мўлжалланган бўлиб, унда Қозоғистон, Тожикистон, Словакия, Австрия, Франция каби давлатларнинг олий таълим муассасалари қаторида Термиз давлат университети вакиллари ҳам қатнашмоқда.
Делегация сафида Термиз давлат университети биринчи проректори О.Шофиев, халқаро ҳамкорлик бўйича проректор М.Ҳошимхўжаева, хорижий филология факультети декани А.Худойқулов ва ўқитувчи Н.Алибоевалар бор.

– Лойиҳанинг асосий мақсади Марказий Осиё мамлакатлари олий таълим муассасалари битирувчи талабаларини келажакда ўз иш ўрнини топишига кўмаклашиш, – дейди ЎзАга Афинадан хабар қилган ТерДУ биринчи проректори Обид Шофиев. – Келажакда ўз карьерасини яратиш учун шароит яратиш, кўникмаларини мустаҳкамлаб, иш топишига кўмаклашиш ва иш берувчилар билан ҳамкорликда ишлаш тажрибасини оширишдан иборат. Семинарда талабаларимизга иш топишга кўмаклашиш учун яратилган имконият ва шароитлар, истиқболли режалар ҳақидаги тақдимотларимиз билан фаол иштирок этяпмиз. Ўзаро тажриба алмашяпмиз.
Лойиҳа Марказий Осиё олий таълим муассасалари битирувчилари ва юқори курс талабаларининг келажакда ўз иш ўрнини топиши, карьера қилиши, таълим олган университетлари билан алоқа узвийлигини таъминлаш кўникмаларини яратишга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

– Биз йил давомида лойиҳада иштирок этаётган университетларда талабаларни иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган жараёнларни бевосита жойига борган ҳолда ўрганамиз, – дейди “Trigger” лойиҳаси бош координатори Наташа Урбанчикова. – Масалан, шу йил май ойида Термиз давлат университетида бўлиб талабаларга яратилган шароит, имкониятлар билан танишдик. Талабаларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадида олиб борилаётган ишлар қувонтирди. Мамлакатингизда талабаларга дарсдан бўш вақтларида ишлаш учун шароит яратишга давлат даражасида эътибор қаратилгани ҳайратлантирди. Университетнинг “Карьера маркази” фаолияти ҳам жуда яхши йўлга қўйилган. Ўйлайманки, ушбу олий таълим муассасасида олиб борилаётган бу ишлар лойиҳанинг амалий қимматини янада оширади.
Ўқув-семинар машғулотлари 30 июнь куни якунланади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА