Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Терапевтик истисно спортчини ҳимоя қила оладими?
10:26 / 2023-12-22

Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигининг терапевтик истиснолар бўйича комиссиясининг йиллик ҳисобот йиғилишида шу ҳақда сўз борди.

"Париж-2024" Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ҳалол спорт орқали юқори натижаларни қайд этиш барча спортчиларнинг энг олий мақсади ҳисобланади.  

Шу жиҳатдан, тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт тадбири бўлган Олимпия ўйинлари ва унинг теграсида ўтадиган саралаш, рейтинг мусобақаларига бошқа хорижий давлатлар қатори мамлакатимиз спортчилари, спорт жамоалари ҳам ҳозирдан тайёргарлик ишларини олиб бормоқда.  

Айтиш лозим, Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўришда антидопинг қоидаларига амал қилиш муҳим омил саналади. Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги томонидан ўтказилаётган тадбирлар, олиб борилаётган тадқиқотлар мамлакатимиз спортчиларини допингдан ҳимоялашда қулайликлар яратилишига қаратилган.  

Агентлик ҳузуридаги терапевтик истиснолар комиссиясининг 2023 йилги фаолияти юзасидан ўтказилган ҳисобот йиғилишда антидопинг соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ўз самарасини бераётгани, бунинг натижаси ўлароқ Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги WADA нинг 2023 йил декабрь ойидаги йиллик ҳисоботида 206 та мамлакат орасида кучли 1-гуруҳга киргани эътиборли бўлгани таъкидланди.  

Хўш, терапевтик истисно нима ўзи? Дунё мамлакатлари, спорт жамоалари бу борада қандай имкониятга ёки кўринишга эга?  

Терапевтик истисно спортчига Бутунжаҳон антидопинг агентлиги томонидан спортда тақиқланган дори воситалари рўйхатига кирган, лекин улардан қонуний фойдаланиш имкониятини тақдим этиш деганидир.  

Жаҳон ахборот воситалари, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги маълумотларига кўра, терапевтик истиснодан энг кўп фойдаланаётган, спортчиларига татбиқ этаётган етакчи мамлакатлардан бири АҚШ ҳисобланади. Шунингдек, Европанинг бир қатор давлатлари ҳам ҳозирги кунда ушбу амалиётдан керакли тарзда фойдаланиб келаётгани аниқ далилларда ўз аксини топган.  

Масалан, 2016 йилги Рио олимпиадаси жараёнида АҚШнинг 398 нафар спортчиси терапевтик истиснодан фойдаланган бўлса, ушбу рўйхатдан Италия, Франция, Австралия, Нидерландия, Канада каби давлатлар ҳам ўрин олган. 2016 йилнинг ўзида дунё бўйича 2175 нафар спортчига WADA томонидан тақдим этилган терапевтик истисно ҳолати қўлланилган.  

Ёшлар сиёсати ва спорт вазири маслаҳатчиси А.Каримов, Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги директори А.Содиқов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби О.Қосимов, агентлик ҳузуридаги терапевтик истиснолар бўйича комиссияси аъзолари, Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказ шифокорлари, Олимпия ва Паралимпия қўмиталари мутахассислари ҳамда Олимпия ва Паралимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларнинг спорт шифокорлари муҳокамалар жараёнида Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги мамлакатни допингдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасидаги тизимли ишлар амалга оширилаётганини борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.  

Йиғилишда ўтган давр мобайнида Миллий антидопинг агентлиги, тегишли ташкилотларнинг мутахассислари ҳамкорлигида чекка ҳудудларга чиққан ҳолда спортчи, мураббий ва спорт шифокорлари учун антидопинг ўқув-семинарлари, давра суҳбатлари ўтказиб келинаётгани, режа асосида спортчилардан допинг синамалар олиниб, уларга доимий тушунтириш ишлари ўтказиб келинаётгани халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришишга замин ҳозирлашида муҳим аҳамият касб этиши айтилди.  

Фикр-мулоҳазаларга бой тарзда кечган йиғилишда спорт тиббиёти мутахассисларининг маърузалари тингланди. Спортда тақиқланган моддалар ва усуллардан истисно тарзида терапевтик мақсадларда фойдаланиш, терапевтик истиснонинг спортдаги ўрни, унинг талаб ва мезонлари, шунингдек, агентлик ҳузурида ташкил этилган терапевтик истиснолар бўйича комиссиянинг фаолияти ва олдиндаги режалар тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.Бундан ташқари, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги томонидан эълон қилинган 2024 йилги “Спортда тақиқланган моддалар ва усуллар рўйхати”даги ўзгаришлар ва қўшимчалар, 2020-2023 йиллар кесимида ўзбек спортчиларининг ижобий допинг статистикаси таҳлил қилинди. 

Қолаверса, терапевтик истиснодан фойдаланиш билан боғлиқ ахлоқий ва ҳуқуқий жиҳатлар муҳокама қилинди ҳамда йиғилганларга глюкокортикостероидлар фармакологияси ва спортда қўлланилиши борасида маълумотлар тақдим этилди.  

Танқидий ва таҳлилий тарзда ўтган терапевтик истиснолар комиссиясининг йиллик ҳисоботида федерация ва ассоциацияларнинг шифокорлари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан керакли тавсияларни олди.  

Антидопинг меъёрлари, янгиланиб бораётган воситалар, қабул қилинаётган қонун-қоидалар, ўзгаришлар ва янгиликлар хусусида сўз борган йиғилиш якунида спортчи соғлиғи, тақиқланган дори воситаларидан ҳимояланиш ва даволаниш вақтида терапевтик истисно аризасини тўғри қўллаш учун айнан спорт шифокорлари масъул эканлиги маълум қилинди.  

                                                                                                                                               

Тўлқин Рўзиев, ЎзА