Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тепақўрғон археологик ёдгорлигида тадқиқотлар давом эттирилади
18:07 / 2021-12-24

Фарғона жаҳон цивилизациясининг муҳим марказларидан бири бўлган. Бунга тарихий ёдгорликлар ҳам далолат беради.

Қўқон шаҳри Ўзбекистоннинг энг қадимги шаҳарларидан бири бўлиб, унинг ёши, айрим маълумотларга қараганда 2000 йилдан ошган. Шаҳарнинг Пўстиндўз кўчасида жойлашган Тепақўрғон ёдгорлиги тарихий археологик мамжуа сифатида 2008 йилда таниқли археолог олим Абдулҳамид Анорбаев раҳбарлигидаги мутахассислар томонидан аниқланган бўлиб, кенг кўламли археологик қазишмалар, тадқиқотлар амалга оширилган. Натижада бу ерда милоддан аввалги биринчи ва милодий аср бошларида урбанизациялашган қароргоҳ шаклланганлиги ва араблар босқинига қадар фаолият кўрсатганлиги маълум бўлди. Очилган тарихий қазилмалар консервация қилинган. Шу билан бирга, ушбу ҳудуднинг бир қисми ўтган асрнинг 20-30 йилларида қатағон сиёсатининг ўлим тегирмонига ташланиб, киши билмас кўмиб юборилган ҳамюртларимиз хокларини ўз бағрига олган.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров мазкур ёдгорлик билан танишди, бу ерда маҳаллий оқсоқоллар ҳамда мутахассислар билан суҳбатлашди. Ўрганишлар натижасида ушбу қаровсиз бўлиб келаётган ҳудудни ободонлаштириш, қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, археологик қазиш ишларини қайта йўлга қўйиш каби масалалар бўйича умумий тўхтамга келинди, мутасаддиларга вазифалар белгиланди.

Вилоят раҳбари давлатимиз раҳбарининг топшириқлари билан Туркистондаги жадидчилик ҳаракатининг кўзга кўринган намояндаларидан бири, қатағон қурбони Ашурали Зоҳирийнинг музейини ташкил қилиш лозимлигини таъкидлаб, ушбу музейни Тепақўрғон археологик ёдгорлиги ҳудудида жойлаштириш ташаббусини ўртага ташлади. Белгиланган ишларни амалга оширишга киришиш учун қисқа муддатда археологик ёдгорлик ва унга ёндош ҳудудларнинг топографик съёмкасини ўтказиш бўйича масъулларга топшириқ берилди.

М. Сулаймонов, ЎзА