Шри-Ланкада ўсмирлар ўртасида Халқаро теннис федерацияси томонидан ташкил этган J30 таснифига кирувчи нуфузли турнирда ҳамюртимиз Ҳамиджон Мансуров муваффақиятли иштирок этмоқда.
Истеъдодли теннисчимиз яккалик баҳсларининг илк даврасида австралиялик Суяш Макесарни 6:4, 6:2 ҳисобида таслим этган бўлса, иккинчи даврада Хитой Тайпейи вакили Веибо Хуанг устидан 3:6, 6:4, 6:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва чорак финалда хитойлик Жиалианг Гуога қарши кортга чиқадиган бўлди.
Шунингдек, Ҳамиджон Мансуров жуфтлик баҳсларида нейтрал теннисчи мақомида иштирок этаётган Александр Чернухин билан дуэт ҳосил қилиб, биринчи босқичда кореялик Кюнг Ким ва нейтрал теннисчи Савелий Юзов тандемини 6:2, 6:4 ҳисобида доғда қолдирди.
Шу тариқа чорак финалга чиққан Ҳамиджон ва Александр ярим финал остонасида Хитой Тайпейи шарафини ҳимоя қилаётган Зиче Чен ҳамда ҳиндистонлик Прадниеш Шелке жуфтлиги билан рақобатлашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА