Теннисчиларимизнинг навбатдаги муваффақияти
Озарбайжоннинг Боку шаҳрида Халқаро теннис федерацияси томонидан ўтказилаётган ўсмирлар ўртасидаги J30 таснифига кирувчи нуфузли халқаро турнирда Маҳмудбек Бекназаров бош совринни қўлга киритди.
Мусобақанинг яккалик баҳсларида ҳамюртимиз Маҳмудбек Бекназаров сўнгги ҳал қилувчи финал ўйинида нейтрал теннисчи Никита Давидовскийга қарши кортга чиқди. Учрашувда ҳисоб 6:2, 4:0 бўлиб турган бир вазиятда Никита номаълум сабабларга кўра ўйинни давом эттиришдан бош тортди ва мағлубиятини тан олди.
Жуфтлик беллашувларида Амир Сафоев ва Асилбек Исмоилов тандеми финал босқичида нейтрал теннисчилар Аркиом Аскирка ва Марк Хаидтни 6:3, 0:6 10:7 ҳисобида таслим этган ҳолда мусобақа чемпионига айланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА