Бугун, 24 октябрь куни теннис бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар аъзоси Франция, Грузия, Буюк Британия, Миср, Италия давлатларида ўтадиган халқаро турнирларда кортга чиқади.
Кун давомида эркаклардан Ҳумоюн Султонов, Сергей Фомин, Максим Шин ва Денис Истомин баҳс ўтказади. Етакчи теннисчимиз Нигина Абдураимова эса Британияда ўтадиган халқаро турнирда омадини синаб кўради.
Ҳумоюн Султонов Францияда бошланаётган "ITF M25 Sarreguemines" турнирининг 1/16 финал босқичида германиялик Якоб Шнайттер билан куч синашса, Максим Шин хорватиялик Никола Башич жуфтлиги Грузиядаги турнир нимчорак финалида Теймураз Габашвили (Россия) Александр Метревели (Грузия) билан куч синашади.
Мисрда ўтказилаётган "ITF M15 Sharm El Sheikh" турнирида Сергей Фомин/Саба Пурселазде (Грузия) – Карсон Бейкер (АҚШ)/Адам Бойкович (АҚШ) билан рўбарў келса, Денис Истомин/Евгений Карловский (Россия) – Шимон Валков (Полша)/Каспер Жук (Полша) баҳси Италияда ўтаётган Ортизей “Челленжер” турнирида рўй беради.
Нигина Абдураимова Буюк Британияда ташкил этилаётган "ITF W60 Glasgow" турнирида қатнашмоқда. Ҳамюртимиз мусобақанинг 1/16 финалида чехиялик Габриела Кнутсон билан кортга чиқади.
Т. Рўзиев, ЎзА