Теннисчиларимиз халқаро турнирда муваффақиятли қатнашмоқда
Наманганда Халқаро теннис федерацияси томонидан ўтказилаётган ўсмирлар ўртасидаги J30 таснифига кирувчи турнирда ярим финалчилар номи аниқ бўлмоқда. Қувонарлиси, мусобақанинг яккалик баҳсларида Маҳмудбек Бекназаров чорак финалда нейтрал теннисчи Михаил Гавриленкони 6:3, 6:0 ҳисобида енгиб, ярим финалда бошқа бир нейтрал спортчи Клим Касинцевни синовдан ўтказадиган бўлди.
Шунингдек, мазкур босқичда Данила Квасов ва Алан Зинатулин каби теннисчиларимиз ўзаро рақобатлашади. Ушбу беллашувда ғолиб бўлган теннисчи 1/2 финалда германиялик Вигго Вагенкнехтга қарши кортга чиқади.
Ўғил болалар орасида Амир Сафоев нейтрал теннисчи Тимур Даутов билан дуэт ҳосил қилиб, 1/2 финал босқичида бошқа бир нейтрал теннисчи Алберт Халатян ва германиялик Вигго Вагенкнехт билан рақобатлашадиган бўлди.
Шунингдек, иккинчи ярим финалда мухлислар ўзбек дербисига гувоҳ бўлади. Аниқроғи, ярим финалда Никита Ғафуров ва Алан Зинатулин тандеми Маҳмудбек Бекназаров ва Абдураҳмон Каримов дуэти финал остонасида куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА