Пойтахтимиздаги "Saxovat Sport Servis" спорт мажмуасида Халқаро теннис федерациясининг мусобақалар тақвимидан жой олган М15 таснифига кирувчи турнир давом этмоқда.
Мусобақанинг яккалик баҳслари биринчи даврасида ўзбек дербиси рўй берди. Гап шундаки, илк босқичда икки ҳамюртимиз Сергей Фомин ва Дамир Абдусаматов ўзаро рақобатлашди. Унда Сергей ёш теннисчимизни 6:3, 6:2 ҳисобида таслим қилди ва иккинчи даврада нейтрал теннисчи Дмитрий Долженковга қарши кортга чиқадиган бўлди.
Абдулазиз Усмонжонов эса биринчи ўйинини ҳиндистонлик Атарва Шармага қарши ўтказиб, якунда 7:6, 6:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Энди теннисчимиз япониялик Рента Токуда билан чорак финал йўлланмаси учун ўйин ўтказади. Яна бир ёш спортчимиз Амир Милушев биринчи босқичда швейцариялик Жан Грюнигни 6:1, 7:6 ҳисобида таслим қилди ва нейтрал теннисчи Аристарк Сафонов билан беллашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Максим Шин эса ҳиндистонлик Нитин Кумар устидан 1:6, 7:6, 7:6 ҳисобида устун келди. Шу тариқа иккинчи даврага йўл олган Максим мазкур босқичда яна бир ҳинд теннисчиси Бхарат Нишокни синовдан ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА