Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида теннис бўйича аёллар терма жамоалари ўртасида ўтказилаётган «Билли Жин Кинг кубоги» анъанавий мусобақаси Осиё-Океания II гуруҳ баҳсларининг 3-тур ўйинлари якунланди.
Бугун, 17 июль куни Оқгул Омонмуродова етакчилигидаги теннисчи қизларимиз сўнгги турда Малайзия терма жамоаси билан куч синашди.
Мусобақанинг 1-турида Шри-Ланкани, 2-турда Қирғизистон вакилларини 3:0 ҳисобида мағлуб этган терма жамоамиз аъзолари Малайзия теннисчилари билан мураккаб ўйинни ўтказди.
Илк ўйинда терма жамоамиз аъзоси Сабрина Олимжонова Жо Лин Савга 6/3, 4/6, 1/6 ҳисобида имкониятни бой берди. Дарья Шубина эса Элза Ван устидан 5/7, 7/6, 7/6 ҳисобида ғалаба қозониб, ҳисобни тенглаштирди. Жуфтлик баҳсларида иштирок этган Шаҳноза Маримова/Дарья Шубина тандеми рақибларига 2/6, 6/0, 9/11 ҳисобида имкониятни бой берди. Ушбу ҳисоб Ўзбекистон – Малайзия 1:2 кўринишида якунланишини кўрсатди.
Бу, «Билли Жин Кинг кубоги» анъанавий мусобақаси Осиё-Океания II гуруҳ босқичида Малайзия биринчи, Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи ўриндан жой олишига олиб келди.
Т. Рўзиев, ЎзА